Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Инстаграмда реклама жойлаштириш қандай солиқ оқибатларига олиб келади Юридик шахсларнинг мол-мулк солиғини кимлар ва қандай объектлар бўйича тўлайди

Санэпидосойишталикни сақлаш учун кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар кўрилади

30.07.2020

Рус тилида ўқиш

Президентнинг 25.07.2020 йилдаги «Коронавирус пандемиясини юмшатиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–6035-сон Фармони қабул қилинди.

 

Ҳужжат билан аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш бўйича қуйидаги чора-тадбирлар белгиланди.

 

1. Юқумли касалликлар, шу жумладан коронавируснинг олдини олиш, касаллиги симптомсиз, енгил кечаётган беморлар ва улар билан мулоқотда бўлган шахсларга зарур тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳар бир оилавий поликлиника ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда мобил гуруҳлар ташкил қилинади.

 

Улар таркибига малакали шифокор ёки инфекционист ҳамда патронаж ҳамшираси киритилади. Гуруҳлар дори-дармон, алоқа, транспорт воситалари ва бошқа зарур асбоб-ускуна ва анжомлар билан таъминланади. Улар учун соддалаштирилган йўриқнома ишлаб чиқилади ва тасдиқланади. Шунингдек лаборатория текшируви амалиётига хусусий секторни жалб қилган ҳолда экспресс-тест ва иммунофермент таҳлили усуллари киритилади.

 

2. Алоҳида хизмат кўрсатиш ташкил этилган тиббиёт муассасалари, улардаги бўш койкалар сони, касалларни қабул қилиш ҳолати, касалликка чалинган ва тиббиёт муассасаларида ҳамда бошқа рухсат этилган ҳудудларда даволанаётган беморлар сони, уларнинг ҳолати, дори воситалари, зарур лаборатория ва тиббиёт анжомлари ва техникасининг мавжудлиги ҳамда ҳолати юзасидан маълумотлар мунтазам равишда ОАВда эълон қилинади.

 

3. Аҳоли томонидан мурожаат қилинганда ҳамда уларда касаллик белгилари аниқланганда тезкорлик билан коронавирус инфекциясига таҳлил олиш ва таҳлил натижаларини 3 кунлик муддатда уларни шахсий телефон рақамлари орқали хабардор қилиш чоралари кўрилади.

 

4. Тиббиёт муассасалари ўртасидаги ахборот алмашиш тизимини соддалаштириш мақсадида ҳисоботлар тури, даврийлиги ва бошқа қоғозбозликлар билан боғлиқ жараёнлар электрон тизимга ўтказиш орқали кескин қисқартирилади.

 

5. Коронавирус касаллигига чалинган беморларга уй шароитида ёрдам кўрсатишнинг қуйидаги тартиби жорий қилинади:

а) ҳар бир оилавий поликлиника кесимида умумий амалиёт шифокори ва патронаж ҳамшираси учун аниқ хонадонлар тақсимланади ҳамда оилавий поликлиника мудири томонидан умумий назорат амалга оширилади;

б) ҳар бир туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасида:

˅ тажрибали шифокорлардан иборат бўлган касалликка чалинган беморларни саралаш ва эвакуация қилиш, даволаш жараёнини мониторинг қилиш гуруҳлари тузилади;

˅ бирламчи бўғин шифокорлари билан туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасининг врачлари ўртасида оператив маслаҳатлашиш ва беморлар аҳволини тўғри баҳолай олиш имконини берадиган алоқа тизими ўрнатилади;

в) оилавий поликлиника мудири ҳар куни касаллиги симптомсиз, енгил кечаётган беморлар, улар билан мулоқотда бўлган шахслар сони, аҳволи, шунингдек, даволаш муолажаларини олаётган беморларда касаллик кечиш динамикаси тўғрисидаги маълумотларни телефон ёки онлайн видеоалоқа тизими орқали туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасининг оилавий поликлиникалар бўйича координаторига етказиб боради;

г) уй шароитида даволанаётган беморлар аҳволи динамикасида салбий ўзгаришлар кузатилган тақдирда мобил гуруҳга мурожаат қилиб, беморни тиббиёт муассасаларига ётқизиш чораларини кўради.

 

6. Кадрларга бўлган эҳтиёжни қаноатлантириш мақсадида:

а) 14 кун муддатда – қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли марказий поликлиникалардаги мавжуд кичик ва ўрта тиббий ходимлар вакант жойлари тиббиёт таълим муассасалари битирувчилари, пенсионерлар ва бошқа тиббиёт мутахассислигига эга бўлган шахслар орасидан тўлиқ тўлдирилиши таъминланади;

б) 15 кун муддатда – тиббиёт муассасалари умумий клиник лабораторияларининг врач-лаборантларини вирусология лабораторияларида фаолият кўрсатиши учун тайёрлаш бўйича қисқа муддатли курслар ташкил қилинади;

в) 20 кун муддатда:

˅ республикадаги олий таълим муассасаларининг «Биология» таълим йўналишини тугатган битирувчиларини Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази ва унинг ҳудудий филиаллари, Тошкент тиббиёт академияси ва унинг ҳудудий филиаллари, Андижон, Бухоро ва Самарқанд тиббиёт институтларида вирусология лабораториясининг врач-лаборанти мутахассислиги бўйича бир ойлик қайта тайёрлаш курслари йўлга қўйилади;

˅ Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази ҳудудий бўлинмаларининг тиббий ходимларини «валеолог» мутахассислигига қайта ихтисослаштириш бўйича бир ойлик қисқа муддатли онлайн курслари ташкил қилинади;

г) барча тиббиёт олий таълим муассасаларининг давлат гранти асосида таҳсил олган битирувчилари 1 йилгача бўлган муддатга вазият оғир бўлган ҳудудларга жалб қилинади.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлигига қуйидаги вазифалар топширилди:

  • Молия вазирлиги билан биргаликда жорий йилнинг 15 августига қадар бирламчи мақсадли ихтисослаштириш курсларида (интернатура) таҳсил олаётган умумий амалиёт шифокорларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш;
  • жорий йилнинг 20 августига қадар бирламчи мақсадли ихтисослаштириш курсларида (интернатура) таҳсил олиш учун шифокорлар мутахассисликлари рўйхатини тасдиқлаш;
  • 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб бирламчи мақсадли ихтисослаштириш курсларини (интернатура) тўлиқ жорий қилиш.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 25.07.2020 йилдан кучга кирган.

 

Эльмира Сиразиева.



Валюталар курси

2024-12-14
  • USD:12880.00 (+0.00) сум
  • EUR:13507.26 (+0.00) сум
  • RUB:124.01 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 10 декабрь№ 50