Президентнинг 15.08.2024 йилдаги "Ҳудудларда саноат салоҳиятини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-295-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан туман ва шаҳарлардаги саноат корхоналари билан ишлаш бўйича "республика – вилоят – туман" тамойили асосида вертикал тизимни йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Ҳудудлардаги саноат корхоналари билан манзилли ишлаш учун қуйидагилар ташкил этилади:
- туман ва шаҳарларда – ҳокимнинг биринчи ўринбосари раҳбарлигида, солиқ ва статистика органлари, банклар ва иқтисодий инфратузилма корхоналари раҳбарларидан иборат ҳудудий штаблар;
- иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари раҳбарлигида ҳудудий штаблар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика штаби.
2024 йил 1 сентябрдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Иқтисодиёт ва молия бош бошқармалари таркибида 5 та штат бирлигидан иборат Саноатни ривожлантириш бўйича йиғма бўлимлар ташкил этилади, туман (шаҳар) иқтисодиёт ва молия бўлимларида эса саноатни ривожлантириш бўйича бош мутахассис лавозими жорий этилади.
Бунда янги киритилаётган штат бирликлари вазирликлар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари штат бирликларини қисқартириш ҳисобидан ажратилади.
Ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2024 йил 16 августдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова