Вазирлар Маҳкамасининг04.01.2025 йил «Ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 891-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди:
- Давлат акцияларини реализация қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг (06.10.2014 йил 279-сон ВМҚга 2-илова) 8-банди қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилди: «Давлат акциялари пакетлари чет эл инвесторларига "Тошкент" РФБ орқали чет эл валютасида сотилиши, улар учун тўлов эса шартномада кўрсатилган валютада амалга оширилиши мумкин»;
- Инвестициялардан фойдаланиш тўғрисидаги шартноманинг яна бир мажбурий шарти белгиланди, у тузилган шартнома доирасида юзага келадиган низо ва даъволарга нисбатан медиация тартиб-таомилини амалга оширишни назарда тутади. Қўшимча Низомнинг 93-бандига киритилди;
- Низомнинг 96-бандига давлат акцияларини реализация қилишда юзага келадиган низо ва даъволарга нисбатан, биринчи навбатда, медиация тартиб-таомилини амалга оширишни назарда тутувчи ўзгартириш киритилди;
- сайёр солиқ текшируви ўтказишда солиқ органлари мансабдор шахсларининг ҳуқуқлари кенгайтирилди. Хусусан, энди улар қуйидагиларга ҳақли:
-
- тадбиркорлик субъектларини хабардор қилмасдан, лекин текширув ўтказиладиган кунда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Президент ҳузуридаги Вакилни мажбурий тартибда хабардор қилган ҳолда қалбакилаштириш ва контрафакт ҳолатларини, шунингдек мажбурий рақамли маркировка қилиниши лозим бўлган маҳсулотни маркировка қилиш қоидаларининг бузилишини текшириш. Қўшимча Солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга (07.01.2021 йил 1-сон ВМҚга 2-илова) 19-бандига киритилди;
- сайёр солиқ текшируви ўтказиш учун асос бўлиши мумкин бўлган яна бир ҳолат қўшимча қилинди. Бундай асос солиқ инспекторлари ўз вазифаларини бажариш жараёнида рақамли маркировка қилиниши лозим бўлган қалбаки ва контрафакт маҳсулотни, шунингдек маркировка қилиш қоидаларининг бузилишини аниқлаш ҳисобланади. Тегишли қўшимча Солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 57-бандига киритилди;
Ҳужжат Қонунчилик маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 04.01.2025 йил кучга кирган.
Саодат Усманова