Жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб тадбиркорлик субъектларига "Санитария-эпидемиологик осойишталик белгиси"ни бериш амалиёти жорий қилинади (25.07.2020 йилдаги ПФ-6035-сон Фармонга қаранг).
Белги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати (кейинги ўринларда – Хизмат) томонидан тадбиркорларга уларнинг фаолияти санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мослигини ўрганиш ва таҳлиллар натижаларига асосан берилади.
Белги уч хил турдаги - "яшил", "сариқ" ва "қизил" тоифаларга эга ва 12 ой муддатгача амал қилади.
"Яшил" тоифадаги белгига эга бўлган тадбиркорлик субъектларининг фаолияти Хизмат органлари томонидан ўрганилиши ва текширилишига йўл қўйилмайди, оммавий заҳарланиш ва гуруҳли касалликлар қайд этилган ҳолатлар бундан мустасно. Бунда "Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED" тизимининг хавфсиз объектлари реестрига киритилган туризм ва ёндош инфратузилма объектлари "яшил" тоифадаги белгига эга бўлган объектларга тенглаштирилади.
Белги:
- тадбиркорлик субъектларининг ташаббуси билан – ихтиёрий ЯИДХП орқали пуллик асосда;
- давлат органлари ташаббуси билан - қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатларда мажбурий берилади.
Кўрсатилаётган хизматлар учун олинадиган даромад Хизматнинг моддий-техника базасини ривожлантириш ва ходимларни рағбатлантириш учун йўналтирилади.
Хизмат ва Савдо-саноат палатасига манфаатдор идоралар билан биргаликда жорий йилнинг 15 октябрига қадар белгини бериш тартибини Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 25.07.2020 йилдан кучга кирди.
Эльмира Сиразиева.