Президентнинг 26.06.2018 йилдаги «Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази ташкил этилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3807-сон қарори эълон қилинди.
Таҳририятдан: ушбу ҳужжат ва 75 000 та бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тушунтиришлари билан бирга «ЎзР қонунчилиги» АҚТда жамланган. Намойиш версиясини бу ерда юклаб олинг (32,1 МБ).
Қуйидагилар Марказ фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгиланди:
- ШҲТ мамлакатлари ўртасида ўзаро ишонч ва дўстона қўшничилик муносабатларини, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлаш, цивилизациялараро мулоқотни ривожлантиришга кўмаклашиш;
- ШҲТ мамлакатлари билан маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришда, делегацияларнинг ўзаро ташрифларини уюштиришда иштирок этиш;
- ШҲТ мамлакатларидаги фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан ёшлар ва хотин-қизлар ташкилотлари ўртасида дўстона ҳамкорлик муҳитини ўрнатиш учун шароит яратиш;
- ШҲТ мамлакатлари ўртасида ахборот соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашиш, ШҲТ мақсадлари, вазифалари, фаолиятидаги устуворликлар ва асосий принципларини кенг миқёсда тушунтириш мақсадида ахборот ресурсларини шакллантириш ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш, ШҲТ мамлакатларининг маданий-гуманитар соҳадаги ютуқлари ҳақида ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлаш ва мунтазам чоп этиш;
- ШҲТ мамлакатлари ва уларнинг халқлари бир-бирига яқинлашишини, ўзаро ишонч ва дўстона қўшничилик руҳи мустаҳкамланишини кўзлаб халқ дипломатияси дастакларини қўллаш.
Марказ зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш доирасида вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларидан зарур статистик ва таҳлилий материалларни сўраш ва бепул олиш ҳуқуқига эга бўлди.
Марказ Миллий кутубхонанинг ахборот-кутубхона фонди ва хориждаги етакчи лицензияланган ахборот-кутубхона фондларидан электрон тарзда доимий фойдаланиши таъминланади.
2 ой муддатда Марказ фаолиятини ташкил этиш бўйича «йўл харитаси» ишлаб чиқилиб, тасдиқланади.
Марказ манзили: Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Бобур кўчаси, 45-уй.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 27.06.2018 йилдан кучга кирди.
Олег Гаевой.