Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги Бош директорининг буйруғи (рўйхат рақами 2899, 2017 йил 21 июль) билан Сифат бўйича эксперт-аудиторларни аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди.
Сифат бўйича эксперт-аудиторларни аттестациядан ўтказиш:
- уларнинг профессионал малакаси ва касбига муносиблиги даражасини холисона баҳолаш;
- зиммасига юкланган вазифалар, функцияларни бажариш юзасидан масъулиятини, сифатни баҳолаш фаолиятининг самарадорлигини ошириш;
- сифат бўйича эксперт-аудиторлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини бериш мақсадида амалга оширилади.
Олий маълумотли, мувофиқлик сертификати ва сифатни баҳолаш соҳасида 3 йилдан кам бўлмаган иш стажига эга бўлган, сифатни баҳолаш соҳасида малака оширган, шунингдек сертификатлаштиришдан ўтган соҳаси бўйича жами 4 марта аккредитация ва инспекция назоратларида иштирок этган мутахассислар аттестациядан ўтказилади.
Сифат бўйича эксперт-аудиторлар ҳар 3 йилда аттестациядан ўтказилиши керак.
Аттестацияни ўтказиш учун “Ўзстандарт” агентлиги бош директори буйруғига асосан 9 нафардан иборат Аттестация комиссияси тузилади. Аттестация комиссиясининг йиғилиши ҳар 3 ойда 1 маротаба ўтказилади ва унинг аъзоларининг камида 2/3 қисми қатнашган тақдирда ваколатли ҳисобланади.
Номзод ариза билан қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
- шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт) нусхаси;
- номзоднинг тасдиқланган шакл бўйича анкетаси;
- олий маълумот тўғрисидаги дипломнинг кўчирма нусхаси;
- аккредитация ва инспекция назоратларида иштирок этганлигини тасдиқловчи буйруқ нусхалари;
- иш стажини тасдиқловчи ҳужжат (меҳнат дафтарчаси);
- иш жойидан тавсифнома;
- ходимни сертификатлаштирилганлиги тўғрисидаги мувофиқлик сертификати нусхаси.
Аттестациянинг ўтказилиш жойи ва вақти тўғрисида номзод камида 10 кун олдин хабардор қилинади. Барча зарур ҳужжатларни тақдим этган номзод аттестацияга узрсиз сабабга кўра келмаган тақдирда унга навбатдаги мажлисда аттестациядан ўтказилиш учун яна бир бор имконият берилади.
Аттестация суҳбат кўринишида ўтказилади.
Номзоднинг билимлари ва иш тажрибасини ҳисобга олиб қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:
- номзодни аттестациядан ўтган деб эътироф этиш ва унга гувоҳномани бериш;
- номзодни аттестациядан ўтмаган деб эътироф этиш ва унга гувоҳномани беришни рад этиш.
Аттестация натижалари комиссия аъзолари орасида овоз бериш жараёни тамом бўлгандан кейин дарҳол эълон қилинади.
Комиссия қароридан норози бўлган номзодлар аттестация натижалари эълон қилинган кундан бошлаб 10 кун ичида Апелляция комиссиясига ариза (шикоят) билан мурожаат қилишлари мумкин.
Гувоҳноманинг амал қилиш муддати — 3 йил. Гувоҳнома бланкалари қатъий ҳисобот бериладиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳимояланганлик даражасига, ҳисобга олиш сериясига ва тартиб рақамига эга бўлади.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Моҳина Мирзаева.