Вазирлар Маҳкамасининг 14.01.2021 йилдаги «Даволаш-профилактика муассасаларини замонавий тиббий техника билан жиҳозлашда Япония Ҳукумати грантидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 17-сон қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси ҳамда Япония Ҳукумати ўртасида 2020 йил 17 июнда соғлиқни сақлаш тизимига грант ажратиш тўғрисида Ҳукуматлараро ноталар алмашинуви имзоланган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги даволаш-профилактика муассасаларига 500 млн япон иенаси миқдоридаги грант дастури доирасида Японияда ишлаб чиқарилган тиббий техника етказиб берилади.
Япония Ҳукумати томонидан Crown Agents Japan Limited (CA) компанияси барча харидларни амалга ошириш ва етказиб бериш бўйича вакил этиб тайинланди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига Япониянинг ваколатли банки билан банклараро шартномани тузиш топширилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига Япония томони билан келишган ҳолда лойиҳани амалга ошириш доирасида грант олиш ва унга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ барча зарурий чора-тадбирларни кўриш, шунингдек харидлар жараёнини мониторинг қилиш топширилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига лойиҳани амалга ошириш доирасида Япония ваколатли банкининг воситачилик харажатларини фонд маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тавсия этилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 15.01.2021 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.