Молия вазирлиги ва ДСҚнинг қарори (20.08.2018 йилда 2439-6-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан солиқ ҳисоботининг шаклларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Мол-мулк солиғи бўйича барча ҳисобот шакллари Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришларга мувофиқлаштирилди. 2018 йил 1 январдан бошлаб қуйидагилар мол-мулк солиғи солиш объекти ҳисобланади (Солиқ кодексининг 266-моддаси):
- кўчмас мулк, шу жумладан молиявий ижара (лизинг) шартномаси бўйича олинган кўчмас мулк;
- норматив муддатда тугалланмаган қурилиш объектлари;
- белгиланган муддатда ишга туширилмаган асбоб-ускуналар.
Ҳисоботда кўчмас мулкка нималар кириши ҳам аниқлаштирилган, булар:
- бинолар;
- иншоотлар;
- ер билан узвий боғлиқ узатиш қурилмалари;
- кўп йиллик дов-дарахтлар.
2018 йил 1 апрелдан экспорт қилувчи корхоналар учун, шунингдек маҳаллийлаштириш дастурларига киритилганлар учун мол-мулк солиғи бўйича имтиёзлар бекор қилинганлиги муносабати билан Мол-мулкка солинадиган солиқ ҳисоб-китобига қуйидаги иловалар фақат 2018 йил I чораги якунлари бўйича тўлдирилади:
- маҳаллийлаштирилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган кўчмас мулкни акс эттирувчи 4-илованинг 0301-сатри;
- 5-илова «Маҳаллийлаштирилаётган маҳсулот ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган мол-мулк ҳисоб-китоби»;
- 6-илова «Экспорт улушига боғлиқ ҳолда мол-мулк солиғи ставкасига тузатиш киритиш».
Қуйидаги шакллар мол-мулкка солинадиган солиқ бўйича ҳисоботдан чиқариб ташланди, сабаби республика ҳудудида кўчмас мулкка эга бўлган норезидент юридик шахслар, доимий муассаса ташкил этилганидан қатъи назар, 2018 йил 1 январдан бошлаб мол-мулк солиғи тўловчилари ҳисобланади:
- Ўзбекистон Республикасида фаолиятини доимий муассаса орқали амалга ошираётган Ўзбекистон Республикасининг норезидентларида мавжуд асосий воситаларнинг ўртача йиллик қолдиқ қиймати тўғрисида маълумотнома;
- Ўзбекистон Республикасида фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширмаётган Ўзбекистон Республикаси норезидентлари (юридик ва жисмоний шахслар)га мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган кўчмас мулк тўғрисида маълумотнома.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.08.2018 йилдан кучга кирди.
Ирина Ахметова.