Президентнинг 20.03.2024 йилдаги ПҚ-137-сонли “Оғир атлетика спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан 2024-2026 йилларда оғир атлетика спорт турини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланди:
● ёшларнинг оғир атлетикага қизиқишини ошириш, бу борадаги тарғибот ишларини янада кучайтириш, уларнинг ушбу спорт тури билан шуғулланиши учун етарли шарт-шароитларни яратиш;
● иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш ҳамда уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлашни янада такомиллаштириш;
● оғир атлетика ҳамда парапауэрлифтинг йўналишини ривожлантиришга қаратилган алоҳида дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.
● оғир атлетика ва парапауэрлифтинг бўйича замонавий спорт мажмуаларини барпо этиш.
Оғир атлетика бўйича барча ёш тоифасидаги спортчилар билан индивидуал ишлаш тизимини яратиш ҳамда уларнинг профессионал тайёргарлигини ташкил этиш учун Спорт вазирлиги ҳузуридаги Оғир атлетика маркази ташкил этилади.
Марказ юридик шахс мақомига эга бўлган ихтисослаштирилган давлат спорт-таълим муассасаси ҳисобланади.
Марказ ўз фаолиятини 2025/2026 ўқув йилидан бошлайди ҳамда ўқувчиларининг умумий контингенти жами 90 нафарни ташкил этиб, улар 7-11-синф ўқувчиларидан иборат бўлади.
Марказ ўқувчиларини текин (имтиёзли) овқатлантириш харажатлари учун ота-оналардан тўлов ундирилмайди ҳамда ўқувчилар тўлиқ Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан озиқ-овқат билан таъминланади.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
● Оғир атлетика спорт турини 2024 2026 йилларда кенгроқ ривожлантириш дастури;
● 2024-2026 йилларда оғир атлетика спорт турини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.03.2024 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова