Вазирлар Маҳкамасининг 22.08.2022 йилдаги 465-сон қарори билан Спортни ривожлантириш вазирлиги тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низом Президентнинг “Туризм, маданий мерос ва спорт соҳаларида давлат бошқарувини такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида” 2022 йил 18 февралдаги ПФ-75-сон Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилди.
Спортни ривожлантириш вазирлиги ўз фаолиятида Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади ва спорт соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди.
Вазирликнинг асосий вазифаларидан бири – Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари, жаҳон, Осиё ва Параосиё чемпионатлари ва бошқа халқаро мусобақа ва турнирларда муваффақиятли иштирокини таъминлаш учун истиқболли спортчиларни тайёрлаш ҳисобланади.
Шунингдек, Вазирлик Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, спорт федерациялари ва ассоциациялари ҳамда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашади.
Қабул қилинган Низом қуйидагиларни белгилайди:
- Вазирликнинг мақоми, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги;
- функциялари, фаолиятини ташкил этиш тартиби;
- Вазирликни молиялаштириш ва ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби.
Вазирлик таркибига қуйидаги ОТМ киради:
- Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда унинг Нукус ва Фарғона филиаллари;
- “Россия давлат жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм университети” федерал давлат бюджети олий таълим муассасасининг Самарқанд филиали.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 22.08.2022 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.