Вазирлар Маҳкамасининг 21.02.2023 йилдаги “Суд экспертизаси тадқиқотларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 73-cон қарори имзоланди.
Намунавий низомга кўра, қуйидаги ҳолатларда суд экспертиза тадқиқотлари ўтказиш тақиқланади:
- иш материаллари бўйича манфаатдор томонлар билан қариндош бўлганда;
- иш материаллари бўйича манфаатдор томонлар билан давлат суд-экспертиза муассасаси ҳамда нодавлат суд-экспертиза ташкилотининг раҳбарлари, таркибий бўлинма бошлиқлари ва уларнинг яқин қариндошлари бўлганда, бундан тадқиқотлар ўтказувчи ягона ташкилот бўлган ҳолатлар мустасно;
- иш материаллари бўйича манфаатдор томонлардан бири нодавлат суд-экспертиза ташкилотининг мулкдори, муассиси, кузатув кенгаши, ижро органи аъзоси, кредитори, суғурталовчиси ҳамда уларнинг яқин қариндошлари бўлганда;
- устав фонди (устав капитали)да нодавлат суд-экспертиза ташкилотининг ёки суд экспертининг улуши бўлган юридик шахснинг хулосадан манфаатдорлиги бўлганда;
- суд экспертининг холислигига ва беғаразлигига шубҳа туғдирадиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлганда.
Экспертизанинг ҳажми ва мураккаблигидан келиб чиқиб уни ўтказиш муддати 30 кун доирасида белгиланади. Қўшимча вақт талаб қилинганида, муассаса раҳбари 3 кун олдин манфаатдор тарафга экспертиза ўтказиш муддатини узайтириш ҳақида хабарнома юборади.
Ҳужжат Қонунчилик маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 22.02.2023 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев.