Президентнинг 29.05.2017 йилдаги «Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони имзоланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Бош прокуратура ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди. Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд департаменти тугатилмоқда ва унинг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган 1 301 та бўшатилаётган штат бирликлари Бюрога ўтказилади.
Ҳужжат билан қуйидагилар белгиланган:
- тугатилаётган Суд департаментининг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида кўзда тутилган ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва ваколатлари Бюрога ўтказилади;
- суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш Бюронинг давлат ижрочилари томонидан амалга оширилади;
- Бюронинг давлат ижрочилари лавозимларига олий ёки ўрта махсус юридик маълумотга эга, айрим ҳолларда бошқа мутахассисликдаги олий маълумотга эга шахслар, Бюронинг бошқа лавозимларига – олий ёки ўрта махсус маълумотли бошқа мутахассисликка (иқтисодчи, молиячи, муҳандислар ва бошқалар) эга шахслар ҳам тайинланади;
- давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари Бюрога юклатилган вазифа ҳамда функцияларини бажаришда ҳар томонлама кўмаклашишга мажбурдирлар.
Адлия вазирлигига бир ой муддатда Суд департаменти балансида бўлган ва у фойдаланаётган бинолар, воситалар ҳамда бошқа моддий-техника қимматликларининг Бюро балансига ўтказилишини таъминлаш топширилди. Бунда Бюро тугатилаётган Суд департаментининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича унинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Самир Латипов.