Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш мақсадларида амортизация ҳисоблашнинг фарқи МИЗ иштирокчиларига фойда солиғи бўйича имтиёз қайси даромад турларига нисбатан қўлланилиши мумкин Геологик изланишларнинг солиқ ҳисоби қандай юритилади

Суд ишини юритишни рақамлаштиришнинг иккинчи босқичи бошланади

04.09.2020

Рус тилида ўқиш

 

Президент томонидан 2020-2023 йилларда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастури тасдиқланди.

 

Биринчи босқич натижалари юзасидан хулоса қиламиз. 2017-2020 йиллар мобайнида судларга масофадан туриб мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиб иштирок этиш, судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш, суд қарорларини Интернетда эълон қилиш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш тизимлари жорий этилган.

 

Иккинчи босқичда судлар, Судьялар олий кенгаши ҳамда Судьялар олий мактабида IT-инфратузилмаси янада яхшиланади, хусусан:

а) 2021 йилда:

  • 1 январдан бошлаб - барча судларда суд мажлислари тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб борилади. Ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда суд мажлислари баённомалари шакллантирилади;
  • 1 июлдан бошлаб - апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш жорий этилади;
  • 1 октябрдан бошлаб - барча иштирокчилар суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида СМС-хабар орқали бепул асосда хабардор қилинади;

б) 2022 йилда:

  • 1 январдан бошлаб - суд қарорлари тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этилади;
  • 1 июлга қадар - суд ҳокимияти органлари фаолиятида, шу жумладан, фуқаролар ва бизнесга одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида 10 га яқин интерактив хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилади;

в) 2023 йил 1 январдан бошлаб суд ишлари давлат архивига электрон шаклда топширилади.

 

Олий суднинг ахборот тизимига 28 та давлат органлари ва ташкилотлари (шу жумладан, Президентнинг Виртуал қабулхонаси ва Бош вазирнинг қабулхоналари) босқичма-босқич уланади. Бу судлар ва бошқа идораларга маълумотлар ва ҳужжатлар билан фуқароларни овора қилмаган ҳолда алмашиш имкониятини беради. Масалан, интеграция туфайли судьялар қуйидагилар тўғрисида тезкор равишда ҳаққоний маълумотлар олишлари мумкин бўлади:

  • жарималарни камайтириш ёки уларни қўлламаслик масалаларини кўриб чиқишда - “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” орқали фуқаронинг мулкий ҳолати ва ижтимоий аҳволи ҳақидаги ишончли маълумотлар;
  • алимент миқдорини белгилашда - туманлар кесимида ўртача ойлик иш ҳақлари тўғрисида маълумотлар.

 

2022 йилда қуйидаги имкониятларни берувчи “Адолат” ахборот тизимлари комплекси ишга туширилади:

  • давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга - даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этиш;
  • манфаатдор шахслар томонидан -даъво, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш;
  • суд мажлиси иштирокчилари томонидан - маълумотлар ва ҳужжатларни электрон шаклда юбориш;
  • суд ҳужжатларини автоматлаштирилган равишда шакллантириш.

 

Суд мажлисларида видеоконференцалоқа форматида иштирок этиш имконияти кенгайтирилади. Жорий йил якунига қадар фуқаролар учун тегишли мобиль илова ва жазони ижро этиш муассасаларида махсус ускуналар билан жиҳозланган хоналар пайдо бўлиши керак.

 

Бундан ташқари, 2022 йил 1 январдан бошлаб:

  • Судьялар олий кенгашига судьялар, судьялик лавозимларига номзодлар электрон мурожаат қилишлари мумкин. Суҳбат жараёнида бериладиган саволлар ва вазифалар ахборот тизими ёрдамида автоматлаштирилган ҳолда танланади;
  • Судьялар олий мактабига унинг расмий сайти орқали ариза ва мурожаатлар йўлланади. Профессор-ўқитувчилар ва тингловчиларнинг электрон рейтинги, шунингдек судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш доирасида ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш курслари тингловчиларининг ўқув жараёнини онлайн тарзда назорат қилиш тартиби жорий этилади.

 

“UNICON.UZ” фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази ҳамда унинг ташкилий тузилмасидаги корхоналар суд тизимига жорий этилиши режалаштирилган ахборот тизимларини ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг ахборот ва киберхавфсизлигини таъминлаш билан шуғулланади.

 

Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Судьялар олий мактаби буюртмачи бўлади. Шартнома нархи Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан белгиланган ўртача бозор нархи асосида шакллантирилади.

 

Олег Заманов.