Президент томонидан 14.08.2024 йилдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини мустаҳкамлашга, судлар фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишга ҳамда ягона суд амалиётини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-943-сон Қонун имзоланди.
Эндиликда Халқ депутатлари кенгашлари суд раисларини суднинг фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини суд йўли билан ҳимоя қилишни амалга оширишга доир фаолияти тўғрисидаги ахборотини эшитишмайди.
Мазкур чора суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлашга қаратилган.
Маълумот учун: Ушбу талаб 2018 йилда жорий этилган эди.
Шу билан бирга, эндиликда суд раислари ҳар чоракда ОАВ орқали жамоатчиликни ўз фаолияти ҳақида хабардор қилиб боришади.
Шу билан бирга, судьяни қамоққа олиш шартлари ўзгармоқда.
Илгари судьяга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси фақат унга нисбатан ўта оғир жиноят ёки одам ўлимига сабаб бўлган қасддан бошқа жиноят содир этганликда айб қўйилган ҳолларда қўлланилиши мумкин бўлган бўлса, эндиликда ушбу эҳтиёт чорасини судья томонидан оғир жиноят содир этилганда ҳам қўллаш мумкин.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 14.08.2024 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев