Молия вазирининг буйруғи (рўйхат рақами 1982-2, 22.12.2021 й.) билан Суғурталовчи ва қайта суғурталовчининг инвестиция фаолияти тўғрисидаги низомга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Киритилган қўшимча ва ўзгартиришларга мувофиқ:
а) суғурталовчи (қайта суғурталовчи) инвестиция фаолиятининг объектлари жумласига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ чиқарилган корпоратив облигациялар ҳам киритилди;
б) инвестиция фаолиятини ташкил этиш бўйича суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) масъул шахси қуйидаги малака талабларига мос келиши лозим:
- Ўзбекистон олий таълим муассасаларида олинган олий (иқтисодиёт, молия, бухгалтерия, математика, ахборот технологиялари соҳаларида) маълумотга ёки хорижий давлатларнинг таълим муассасаларида олинган ҳамда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистонда тан олинган олий (иқтисодиёт, молия, бухгалтерия, математика, ахборот технологиялари соҳаларида) маълумотга эга бўлиши;
- юридик шахснинг молиявий ва иқтисодий фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган 1 йилдан кам бўлмаган иш стажига эга бўлиши (ёрдамчи, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар лавозимларидаги иш стажи ҳисобга олинмайди).
Масъул шахс қуйидагилардан бирига эга бўлган тақдирда, унга иш стажига эга бўлиш бўйича талаб қўйилмайди:
- «Сертификатланган ички аудитор (CIA)» ёки «Сертификатланган молиявий таҳлилчи (CFA)» халқаро сертификатлари;
- «Сертификатланган халқаро профессионал бухгалтер (CIPA)», «Сертификатланган дипломли бухгалтер (ACCA)», «Халқаро молиявий ҳисобот бўйича диплом (DipIFR)» ёки «Сертификатланган жамоатчи бухгалтер (CPA)» халқаро бухгалтерлик сертификатлари;
- «Сертификатланган риск менежери (CRM)» ёки «Молиявий риск менежери (FRM)» таваккалчиликни бошқаришга оид халқаро сертификатлари.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 22.12.2021 йилдан кучга кирди.
Эльмира Сиразиева.