Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини тартибга солувчи айрим қонунчилик ҳужжатларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 525-сон қарори қабул қилинди.
Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўгрисида” 2021 йил 22 апрелдаги ПҚ-5090-сон қарорига мувофиқ қуйидагилар тасдиқланди:
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси тўғрисидаги низом (1);
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳузуридаги Экспертлар кенгаши тўғрисидаги низом;
- Экспертлар кенгаши таркиби.
Низом (1) Давлат инспекциясининг вазифалари, функциялари, фаолиятини ташкил этиш, молиялаштириш, унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рагбатлантириш тартибини белгилайди. Хусусан, унинг асосий вазифалари қуйидагилар:
- хавф даражаси юқори бўлган сув хўжалиги объектларининг хавфсизлигини, ишончли ишлашини ҳамда қўриқланишини назорат қилиш;
- хавф даражаси юқори бўлган сув хўжалиги объектларини жойлаштириш ва лойиҳалаш бўйича топшириқларни ҳамда улардан фойдаланиш бўйича қоидаларни келишиш, шунингдек, уларнинг хавфсизлиги қоидалари ва мезонларини ишлаб чиқиш;
- хавф даражаси юқори бўлган сув хўжалиги объектларини қуриш, реконструкция қилиш, уларни фойдаланишга қабул қилиш, консервациялаш ва тугатиш ишларида иштирок этиш ҳамда тегишли хулосалар бериш;
- хавф даражаси юқори бўлган сув хўжалиги объектларининг хавфсизлик даражасини аниқлаш ишларига замонавий технологиялар ва илғор тажрибаларни жорий қилиш;
- фавқулодда вазиятларда хавф даражаси юқори бўлган сув хўжалиги объектларининг аҳолига ва иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширишда иштирок этиш.
Инспекция ҳузурида ФВВ, ИИВ, Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Сув хўжалиги вазирлиги, Энергетика вазирлиги ва бошқа ваколатли идораларнинг раҳбариятидан иборат бўлган Экспертлар кенгаши фаолият кўрсатади.
Экспертлар кенгашининг асосий вазифалари:
- хавф даражаси юқори бўлган сув хўжалиги объектларининг хавфсизлиги бўйича идоралараро самарали ҳамкорликни таъминлаш;
- хавф даражаси юқори бўлган сув хўжалиги объектларининг хавфсизлиги ва ишончли ишлаши бўйича устувор масалаларни кўриб чиқиш;
- хавф даражаси юқори бўлган сув хўжалиги объектларининг хавфсиз ва ишончли ишлаши учун уларни реконструкция қилиш ва қайта жиҳозлаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга ошириш юзасидан тавсиялар бериш;
- хавф даражаси юқори бўлган сув хўжалиги объектларининг хавфсизлик декларацияси экспертизаси натижалари бўйича қарорлар қабул қилиш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 17.08.2021 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.