Пойтахт сув таъминоти ва канализация тизимини модернизация қиладилар: соҳада хусусий операторлар пайдо бўлади; давлатнинг хусусий шериклари 3 йилга барча солиқлардан озод этилади (30.11.2018 йилдаги ПҚ-4040-сон Президент қарорига қаранг).
Сув таъминоти ва канализация соҳасида - давлат-хусусий шериклик механизмларининг кенг кўламдаги интеграцияси:
- Тошкент шаҳрида хорижий маслаҳатчиларни жалб қилган ҳолда шаҳар сув таъминоти ва канализация тизимини модернизация қилиш ва бошқариш бўйича лойиҳани амалга оширадилар;
- Андижон, Наманган, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида апробация қилинган сув таъминоти ва канализация объектларини бошқариш ва улардан фойдаланиш шакллари бошқа қишлоқ аҳоли пунктларида жорий этилади;
- 2019 йил 1 июлга қадар Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Қарши сув таъминоти ва канализация тизимларини хусусий субъектларга бошқаришга бериш бўйича барча ҳужжатлар тайёрланади ва танлов ўтказилади;
- халқаро тажрибани ўрганган ҳолда, канализация-тозалаш иншоотларида ҳосил бўлган қуйқадан самарали фойдалана бошлайдилар.
Сув таъминоти ва канализация тизимлари объектларини модернизация қилиш, самарали бошқариш ва улардан фойдаланиш, ш.ж. маҳаллий тозалаш иншоотларини жиҳозлаш бўйича инвестиция лойиҳаларини давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириш учун таклифларни 2019 йилнинг июль ойига тайёрлайдилар.
Шу муддатга келиб малакали хусусий оператор компаниялар (хусусий шериклар) билан музокаралар ўтказилади ва уларнинг очиқ рўйхати шакллантирилади. Кейинчалик улар сув таъминоти ва канализация объектлари, ш.ж. қишлоқ аҳоли пунктларида маҳаллий тозалаш иншоотларини бошқариш ва уларга хизмат кўрсатишга ДХШ шартларида жалб этиладилар.
Бу – муҳим! Сув таъминоти ва канализация соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисида шартнома тузган юридик шахслар у имзоланган санадан бошлаб 3 йил муддатга:
- ЯИТдан бошқа барча турдаги солиқлар ва мажбурий тўловларни;
- мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган ва шакллантириладиган рўйхатлар бўйича ускуналар, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар ва материалларни олиб келишда божхона тўловларини (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) тўлашдан озод этилади.
Олег Заманов.