Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш мақсадларида амортизация ҳисоблашнинг фарқи МИЗ иштирокчиларига фойда солиғи бўйича имтиёз қайси даромад турларига нисбатан қўлланилиши мумкин Геологик изланишларнинг солиқ ҳисоби қандай юритилади

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг табақалаштирилган тизими жорий этилмоқда

05.01.2023

Рус тилида ўқиш

Президент томонидан 30.12.2022 йилдаги “Республика ҳудудларини тоифаларга ажратиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг табақалаштирилган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-287-сон Фармон имзоланди.

 

Ҳужжатга мувофиқ, республиканинг барча туман (шаҳар)лари 5 та тоифага тақсимланди. Эндиликда солиқ имтиёзлари ва субсидиялар туман (шаҳар)нинг тоифасидан келиб чиқиб ажратилади.

 

2023 йилнинг 1 январидан 2026 йилнинг 1 январига қадар солиқ солишнинг қуйидаги табақалаштирилган тартиби жорий этилди:

  • 5-тоифадаги туманларда рўйхатдан ўтган ва шу ҳудудларда фаолият юритадиган тадбиркорлар (йирик солиқ тўловчилар, доимий муассаса, бюджет ташкилоти ва давлат корхонаси, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ миқдорда бўлган юридик шахслар бундан мустасно) қуйидагиларни тўлайдилар:
    • фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ ва ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдорида;
    • юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини мазкур солиқлар бўйича ҳисобланган сумманинг 1 фоизи миқдоридаги солиқ ставкалари бўйича тўлайди;
  • 5-тоифадаги туманларда рўйхатдан ўтган ва шу ҳудудларда фаолият юритадиган ЯТТлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган суммаларини тўлашдан озод қилинади;
  • 4-тоифадаги туманларда рўйхатдан ўтган ва шу ҳудудларда фаолият юритадиган тадбиркорлик субъектлари (йирик солиқ тўловчилар, доимий муассаса, бюджет ташкилоти ва давлат корхонаси, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ миқдорда бўлган юридик шахслар бундан мустасно) учун айланмадан олинадиган солиқнинг базавий солиқ ставкаси 3% этиб белгиланмоқда.
  • Жўқорги Кенгес ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашларига 4-тоифадаги туманлар бўйича:
    • юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича Солиқ кодекси билан белгиланган энг кам қийматларга 0,3 гача;
    • ЯТТ учун қатъий белгиланган миқдордаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича 0,5 гача камайтирувчи коэффициент киритиш ҳуқуқи берилади.

 

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан 4 ва 5-тоифадаги туманларда рўйхатдан ўтган ва шу ҳудудларда фаолияти юритадиган кичик тадбиркорлик субъектларига:

  • тижорат банкларининг кредит ва лизинглари бўйича унинг асосий ставкадан ошган, бироқ Марказий банк асосий ставкасининг 40% кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун компенсация тақдим этилади;
  • банк кредитларининг 75%, бироқ умумий қиймати 2,5 млрд сўмдан ошмаган миқдорда кафиллик тақдим этилади.

 

Ҳужжат билан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган субсидиянинг оширилган миқдорлари тасдиқланган.

 

Амал қилиш муддати белгиланмаган субсидиялар 2025 йил 1 январга қадар жорий этилган ҳисобланади.

 

Субсидия олиш учун сохта ҳужжатлар тақдим этилганда, тақдим этилган субсидиялардан мақсадсиз фойдаланилганда ва уларни қўллаш шартларига риоя этилмаганда субсидиялар пеня билан қайтариб олинади.

 

4 ва 5 тоифалар учун тадбиркорлик соҳасида лицензия ва рухсатномалар олиш учун давлат божи икки бараварга пасайтирилди. Тадбиркорлик фаолиятини туман ва шаҳарларнинг тоифаларидан келиб чиқиб қўллаб-қувватлаш чоралари билан бу ерда танишишингиз мумкин.   

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.12.2022 йилдан кучга кирди.

 

Собир Нурбердиев.