Давлат тест маркази (кейинги ўринларда – ДТМ), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлигининг қўшма қарори (рўйхат рақами 1836-2, 2016 йил 9 сентябрь) билан Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш мезонлари ва технологиялари бўйича йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Энг аввало, Йўриқноманинг номи унинг мазмунига мувофиқлаштирилди. Эндиликда у “Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш мезонлари бўйича йўриқнома” деб номланади.
Белгиланишича, мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасалари аттестацияси ҳудудий аттестация комиссиялари томонидан, бошқа таълим муассасалари аттестацияси Давлат тест маркази томонидан ўтказилади. Илгари барча таълим муассасалари аттестациясини Давлат тест маркази ўтказарди.
Эслатиб ўтамиз, илгаригидек, Йўриқнома талаблари жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган, шунингдек узоқ вақт даволанишга муҳтож бўлган болалар ва ўсмирларни ўқитиш, уларни тарбиялаш ҳамда даволаш учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларига татбиқ қилинмайди.
Асосий ўзгартириш ва қўшимчалар умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари аттестациясига таалуқлидир.
Аттестациядан ўтказиш учун мактабларнинг синфларини танлаш
Эндиликда мактабларда назорат иши олиш учун комиссия томонидан қуръа ташлаш йўли билан 4-9-синфлардан параллел синфларнинг камида ярми, 2 ва 3-синфлардан биттаси танланади. Илгари барча синфларда параллел синфлар сони 1 та ёки 2 та бўлса ҳаммаси, 3 та ва ундан кўп бўлса, 2/3 қисми танланарди. Масалан, 2 ва 4-синфларда 4 тадан параллел синфлар бор. Илгари ҳар бир синфдан 3 тадан параллел синф назорат иши топширарди. Ҳозир эса 2-синфдан биттаси, 4-синфдан иккитаси танлаб олинади.
Шунингдек, таълим бир нечта тилда олиб бориладиган мактабларда 4-9-синфларда таълим тилига қараб, уларнинг ҳар биридан биттадан синф танланади. Илгари ҳар бир таълим тилидан синфларнинг 2/3 қисми танланарди. Масалан, 4-синфда 2 та параллел синфда таълим инглиз тилида олиб борилади. Илгари ҳар иккала синф назорат иши топширарди. Ҳозир эса 2 та синфдан биттаси танлаб олинади.
Аттестациядан ўтказиш учун лицей ва коллежларнинг курсларини танлаш
Эндиликда лицей ва коллежларда назорат ишларига ҳар бир таълим йўналишидан 2-курс гуруҳларидан 1 та гуруҳ, 3-курс гуруҳларининг камида ярми жалб этилади. Илгари ҳар бир таълим йўналишидан гуруҳлар сони 4 тагача бўлганда битта гуруҳ, 5-10 та бўлганда 2 та гуруҳ, 10 тадан кўп бўлганда 3 та гуруҳ жалб этиларди. Масалан, 2 ва 3-курсда “Аниқ фанлар” йўналишида 5 тадан гуруҳ бор. Илгари ҳар иккала курсдан 2 тадан гуруҳ назорат иши топширарди. Ҳозир эса 2-курсдан 1 та гуруҳ, 3-курсдан 3 та гуруҳ танлаб олинади.
Мактаблар, лицейлар ва коллежларда назорат ишлари топшириладиган фанлар тўғрисида бу ерда қаранг.
Юқоридагилардан ташқари, Йўриқномага олий ўқув юртидан кейинги таълимни амалга оширувчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларини аттестациядан ўтказиш мезонлари киритилди.
Ҳужжат давлат тилида қабул қилинган.
Қарор 2016 йил 13 сентябрдан бошлаб кучга киради.
Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
«Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида янги» шарҳини
эксперт-юристимиз Сардор ЖУМАШОВ
тайёрлади.
Мавзу бўйича материаллар:
Педагоглар учун аттестациядан ўтказиш тартиби белгиланди
Аккредитацияланадиган таълим муассасаларининг рўйхати кенгайтирилди