Президент томонидан 22.04.2025 йилдаги "Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-1060-сон Қонун имзоланди.
Гаров тўғрисидаги қонунга киритилаётган қўшимчаларга мувофиқ, гаров билан таъминланган мажбуриятнинг бузилиши қуйидаги шартлар бир вақтда мавжуд бўлганда арзимас ҳисобланади:
- агар қарздор томонидан қопланмаган, гаров билан таъминланган мажбурият суммаси гаров қийматининг 15 фоизидан кам бўлса;
- агар гаров билан таъминланган мажбуриятнинг бажарилиши кечиктирилиши сурункасига 3 ойдан ошмаса.
Савдоларда гаровга қўйилган мол-мулкнинг бошланғич сотиш нархи гаровга қўювчи ва гаровга олувчи ўртасидаги келишувга биноан белгиланади. Улар ўртасида мол-мулк нархи бўйича келишмовчиликлар мавжуд бўлганда мустақил баҳоловчи ташкилот жалб этилади ва гаровнинг дастлабки қиймати бозор қийматидан келиб чиқиб белгиланади. Бунда баҳолаш билан боғлиқ барча харажатлар мустақил баҳоловчи ташкилотни жалб этган томон ҳисобидан қопланади.
Такрорий савдолар ўтмаган деб эълон қилинганда, гаровга олувчи гаров нарсасини такрорий савдолардаги сотилмаган гаров нарсасининг бошланғич сотиш нархидан 25 фоиздан (илгари - 10 фоиздан) кўп бўлмаган миқдорда пасайтирилган баҳода ўзида қолдириш ҳуқуқига эга.
Фуқаролик кодексига киритилган қўшимчага мувофиқ, суд тартибида кредитни муддатидан илгари ундиришда, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, кредитор биринчи навбатда белгиланган муддатда қайтарилмаган қарзнинг бир қисмини ундириш учун судга мурожаат қилади. Бунда, агар қарз олувчи муддати ўтган қарздорликни тўлиқ сўндирмаган бўлса, кредитор кредитнинг қолган бутун суммасини муддатидан илгари қайтариш талаби билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 22.04.2025 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев