20.07.2018 йилдаги ЎРҚ–485-сон Қонун билан техник регламентларни бузганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилди.
Эслатиб ўтамиз, «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддасига мувофиқ, техник регламентлар – техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги, маҳсулотлар ва хизматлар хавфсизлигига доир мажбурий талабларни белгиловчи норматив ҳужжат. Улар 2 хил бўлади:
- умумий техник регламентлар – бир турдаги маҳсулотлар ва хизматлар гуруҳи хавфсизлигига доир мажбурий талабларни белгилайди (Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади);
- махсус техник регламентлар – умумий техник регламентда назарда тутилмаган маҳсулотлар ва хизматлар айрим турининг хавфсизлигига доир мажбурий талабларни белгилайди (Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, шунингдек бошқа давлат бошқаруви органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида тасдиқланади).
Стандартлардан фарқли равишда техник регламентлар торроқ ҳужжат ҳисобланади, сабаби фақат маҳсулот хавфсизлигини таъминлашга йўналтирилган ва, айтайлик, сифат масалаларига дахл этмайди. Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектларига кўпроқ эркинлик бериш мақсадида «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуннинг 22-моддасида стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатлар ўрнига техник регламентларни жорий этиш йўли билан улардан секин-аста воз кечиш назарда тутилган.
Бунда 2009 йилда «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинган пайтдан буён техник регламентларни бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмаган эди. МЖТКнинг 212-моддаси бўйича фақат стандартларга риоя этмаганлик учун жазолардилар. Энди камчилик тўлдирилиб, модданинг амал қилиши техник регламентларга ҳам татбиқ этиладиган бўлди. Эслатиб ўтамиз, мазкур модда бўйича фуқаролар учун жарима миқдори 3 ЭКИҲгача, мансабдор шахслар учун эса 10 ЭКИҲгача этиб белгиланиши мумкин.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни қуйидагилар кўриб чиқади:
- техник регламентлар, стандартлар ва ўлчаш воситаларини назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси бош давлат инспектори, Қорақалпоғистон Республикаси бош давлат инспектори, вилоятлар, Тошкент шаҳар бош давлат инспекторлари ва уларнинг ўринбосарлари – 7 ЭКИҲгача миқдордаги жаримани қўллаган ҳолда;
- техник регламентлар, стандартлар ва ўлчаш воситаларини назорат қилиш бўйича давлат инспекторлари – 3 ЭКИҲгача миқдордаги жаримани қўллаган ҳолда.
Шу тариқа, 10 ЭКИҲ миқдоридаги энг юқори миқдордаги жаримани улар тайинлай олмайдилар. Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш чоғида ҳуқуқбузарлик содир этган якка тартибдаги тадбиркорлар ва (ёки) уларнинг ходимлари, тадбиркорлик субъектлари – юридик шахсларнинг мансабдор шахслари ва (ёки) бошқа ходимлари юзасидан иш кўрилаётганда 7 ЭКИҲдан ортиқ миқдордаги жаримани маъмурий суд тайинлашга ҳақли.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг муҳофаза объекти сифатида техник регламентлар МЖТКнинг 126-моддасига (кўзгусимон ва туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ностандарт ойнали, шунингдек теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қопламали транспорт воситаларидан фойдаланиш), 152-моддасига (радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалардан фойдаланиш тартибини бузиш) ва 173-моддасига (стандарт талабларига ёки техник шартларга жавоб бермайдиган ёнилғи-мойлаш материалларини реализация қилиш) ҳам киритилди.
Қонун Халқ сўзи газетасида 21.07.2018 йилда эълон қилинган, мазкур ўзгартиришлар 3 ой ўтгач (21.10.2018 йилда) кучга киради.
Самир Латипов.