Президент томонидан 17.07.2021 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ПФ-6263-сон Фармон имзоланди.
Ҳужжат билан Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар рўйхатига (27.07.2018 йилдаги ПФ-5490-сон Фармон билан тасдиқланган) қуйидагилар киритилди:
- 41-позиция: йўл қурилиши, йўл-қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларини ишлаб чиқаришда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилишини назорат қилиш. Бунда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси назорат қилувчи орган ҳисобланади, текширув муддати 3 кундан ошмайди;
- 171-позиция: сув таъминоти ва сув чиқариш тизимларига ноқонуний уланиш, ҳисоблаш мосламаларига қасддан шикаст етказганлик, ҳисоблаш мосламалари кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш ҳолатларини, шунингдек ичимлик сув таъминоти ва канализация соҳасида хизмат кўрсатиш қоидаларига амал қилиниши ҳолатларини текшириш. Назорат қилувчи орган – Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси. Текширув муддати – 1 кун.
41 ва 171-позициялар 2021 йил 1 ноябрдан кучга киради.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 17.07.2021 йилдан кучга кирди.
Наргиза Воҳидова.