Вазирлар Маҳкамасининг 30.10.2020 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси телекоммуникациялар тармоқларини бошқариш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 680-сон қарори қабул қилинди.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги телекоммуникациялар тармоқларининг давлат томонидан бошқарилиши, шунингдек уларни бошқариш тизимининг шакллантирилиши ва самарали фаолият юритишини таъминлаш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди.
Вазирлик зиммасига қуйидаги вазифалар юклатилди:
- кундалик шароитларда – телекоммуникациялар соҳасида ягона техник сиёсатни олиб бориш; телекоммуникация ресурслари ва тармоқларини ривожлантириш масалалари бўйича давлат бошқаруви органлари, телекоммуникация тармоқларини бошқариш тизимига кирувчи операторлар ва провайдерлар фаолиятининг мувофиқлаштирилишини таъминлаш ва уларнинг техник ҳолати ва фавқулодда вазиятлардаги ишларга тайёргарлигини назорат қилиш;
- фавқулодда вазиятларда – идоравий мансублигидан қатъи назар, телекоммуникация ресурслари ва тармоқларидан устувор даражада фойдаланиш ва уларни марказлашган ҳолда бошқариш (махсус истеъмолчиларнинг тармоқлари ва воситалари бундан мустасно); давлат хавфсизлигини таъминлаш манфаатлари йўлида уларнинг барқарор ишлашини ҳамда улардан самарали фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш;
- телекоммуникация тармоқларини марказлаштирилган бошқариш режимига ўтказиш, шунингдек фавқулодда вазиятларда улардан фойдаланишни тўхтатиб туриш ёки чеклаш тўғрисида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қарор қабул қилиш.
Ҳужжат билан «Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази» ДУК телекоммуникация тармоқлари ва ресурсларини бошқариш бўйича ишчи орган этиб тайинланди ва унинг вазифалари белгиланди.
Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Телекоммуникация тармоқлари ва ресурсларини бошқариш тизими тўғрисидаги низом;
- Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази тўғрисидаги низом.
Вазирликка икки ой муддатда қуйидагиларни амалга ошириш топширилди:
- манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда телекоммуникация операторлари ва провайдерларига телекоммуникация хизматларини етказиб берувчилар фаолиятини мувофиқлаштиришни таъминлаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани тўлиқ хатловдан ўтказиш ва қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш;
- фавқулодда вазиятларда ва алоҳида давр (ҳарбий сафарбарлик) мобайнида махсус истеъмолчилар ўртасида тармоқлараро келишувлар билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш учун сафарбарлик режаларини ва фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш режаларини ишлаб чиқиш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 31.10.2020 йилдан кучга кирди.
Баҳодир Бухорий.