27.12.2024 йилдаги "Телекоммуникациялар тўғрисида"ги ЎРҚ-1015-сон Қонун янги таҳрирда қабул қилинди.
Қонуннинг янги версиясида телекоммуникациялар тизимига қўйиладиган замонавий талаблар инобатга олинган бўлиб, бу хизматлардан самарали фойдаланиш орқали уларнинг қамрови ва сифатини оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистондаги телекоммуникация тармоқлари оммавий ёки хусусий мулк бўлиши мумкин. Барча телекоммуникация тармоқлари мулкдорлари тенг ҳуқуқларга эга ва тенг ҳимоядан фойдаланади.
Телекоммуникация тармоқлари ўз вазифасига кўра умумий фойдаланишдаги, идоравий ва ажратилган телекоммуникация тармоқларига бўлинади.
Қонун билан телекоммуникациялар соҳасида фаолият юритаётган субъектларга бир қатор талаблар ўрнатилмоқда. Жумладан, янги бино ва иншоотлар қурилишида замонавий телекоммуникация инфратузилмасини яратиш мажбурийдир.
Шунингдек, Қонунга кўра, банк иловаси, тўлов тизими, тўлов ташкилоти, электрон тижорат платформаси орқали хизматлар кўрсатишда телекоммуникациялар соҳасида ишлаш учун лицензия талаб этилмайди.
Бундан ташқари, Қонун нормалари Конституцияга мувофиқлаштирилган. Интернетдан фойдаланиш учун шароитлар яратиш телекоммуникациялар соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири эканлиги белгиланмоқда.
Рақамли технологиялар вазирлиги телекоммуникациялар соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланади. Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасидаги назорат инспекцияси телекоммуникациялар соҳасида давлат назоратини амалга оширувчи органдир.
Умумий фойдаланишдаги алоқа тармоқлари операторлари ва провайдерлари барча фойдаланувчиларга лицензия доирасида чекловларсиз кўрсатилган сифатдаги универсал хизматларни тақдим этади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.12.2024 йил кучга кирди.
Лола Абдуазимова