Вазирлар Маҳкамаси 17.09.2020 йилдаги “Тест тизимини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 562-сон қарорни қабул қилди.
Давлат тест маркази ҳузурида "Илмий-ўқув амалий маркази" давлат муассасаси (кейинги ўринларда - Илмий марказ) ташкил этилади. Унинг фаолияти соҳасида - тестология ва педагогик ўлчовлар, чет тилидан малака ошириш курсларини ташкил этиш ҳамда соҳада етакчи халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, Марказий Осиёда тестология бўйича минтақавий илмий мактаб яратиш.
Қуйидагилар Илмий марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
- тест материалларини ишлаб чиқиш ва уларнинг сифатини аниқлаш, тестология ва педагогик ўлчовлар соҳасидаги илмий-тадқиқот натижаларини нашр этиш;
- тест материалларини ишлаб чиқиш ва уларнинг сифатини аниқлаш бўйича мутахассислар - тестологларни тайёрлаш;
- шартнома асосида қисқа ва узоқ муддатли тестология, педагогик ўлчовлар, чет тиллари бўйича тингловчиларнинг малакасини ошириш, диагностик тест синовларини ташкил этиш;
- хорижий тажрибани ўрганиш асосида тестология ва педагогик ўлчовлар соҳасида илмий изланиш олиб борувчи шахслар учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
- халқаро имтиҳон олувчи ташкилотлар билан ҳамкорликда имтиҳонларни ташкил этиш ва ўтказиш.
Қуйидагилар Илмий марказни молиялаштириш манбалари этиб белгиланди:
- жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатишдан тушган маблағлар;
- ҳомийлик хайриялари;
- қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 17.09.2020 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.