Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Ўзини ўзи банд қилган шахслар: ҳозирги ҳолат ва ечимини кутаётган масалалар Корпоратив тадбир ўтказиш қандай солиқ оқибатларига олиб келади Умумий овқатланиш соҳасида тайёр маҳсулотлар (таомлар) ва товарларнинг реализация қилиниши қандай ҳисобга олинади

Тошкент вилоятида туристик «Олтин ҳалқа» ташкил этилади

27.01.2020

Рус тилида ўқиш

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 31 декабрдаги «2019-2021 йилларда Тошкент вилоятида туризм соҳасини жадал ривожлантириш тўғрисида»ги 1053-сон қарори билан «Олтин ҳалқа» туризм концепцияси тасдиқланди.

 

Тошкент вилоятида туристларнинг узлуксиз саёҳатлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва маҳаллий аҳоли даромадларини ошириш мақсадида Бўстонлиқ, Оҳангарон, Паркент, Бўка, Чиноз, Зангиота туманлари ва Ангрен шаҳрида зарур инфратузилма шакллантирилади. Мазкур туманларнинг ҳар бирида хусусий туристик маҳсулот ишлаб чиқилади. «Олтин ҳалқа» босқичма-босқич вилоятнинг бошқа туманларини ҳам қамраб олади.

 

Концепцияда Зангиота - Чиноз - Бўка - Оҳангарон - Ангрен - Паркент - Бўстонлиқ йўналишида туризм маршрутлари хариталарини ишлаб чиқиш, ушбу туманларнинг йўл инфратузилмасини яхшилаш, уларда миллий чойхоналарни ташкил этиш ва бошқа вазифалар назарда тутилган.

 

Хусусан, Бўстонлиқ туманида «Чорвоқ» эркин туристик зонаси, Угам-Чотқол миллий боғи, «Чорвоқ» сув омбори мавжуд. Паркент тумани зиёратгоҳлар, агротуризм масканларини ривожлантириш учун айнан мақбул жойдир. Зангиота туманида зиёратгоҳлар мажмуалари мавжуд, бу ерда ҳунармандчилик ва савдо марказлари жойлашган.

 

Оҳангарон туманида тарихий манзилгоҳлар, маданий мерос объектлари, саноат туризми йўналиши бўйича объектлар мавжуд. Бўка туманида ноёб гастрономик туризм йўналишида ўзига хос туризм намойиши объектлари мавжуд.

 

Чиноз тумани Тошкентни бошқа ҳудудлар билан боғловчи асосий магистрал йўл бўйида жойлашган, агротуризм ва гастраномик туризмни ривожлантириш имкониятларига эга. Ангрен шаҳри саноат туризми йўналишлари билан машҳурдир. Шу билан бирга, унинг ҳудудида жойлашган Янгиобод ва Лашкарак туристларни гўзал табиати билан ром қилади.

 

Ҳар бир ҳудудда миллий чойхоналар, ҳунармандларнинг уй музейлари ташкил этилади, туристлар учун маданий-кўнгилочар тадбирлар ташкиллаштирилади.

 

Истиқболда ҳудудларнинг йўл инфратузилмасини яхшилаш ва туризм маршрутларида алоҳида «Олтин ҳалқа» йўналишли таксилар, микроавтобуслар ва автобусларнинг қатнови ташкил қилинади.

 

Бундан ташқари, туристларни жалб этишга кўмаклашувчи реклама видеороликлари чиқарилади, туризм объектларида хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш бўйича соҳа ходимлари учун махсус ўқув курслари ташкил қилинади.

 

«Олтин ҳалқа» концепциясида туризм маршрутларини рўйхатдан ўтказиш, объектларнинг барча маълумотларини ўз ичига олган паспортларини тайёрлаш, ҳар бир туризм объектида хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш бўйича йўл хариталарини ишлаб чиқиш назарда тутилган.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 1.01.2020 йилдан кучга кирди.     

 

Лола Абдуазимова.


Валюталар курси

2024-12-16
  • USD:12892.97 (+0.00) сум
  • EUR:13541.49 (+0.00) сум
  • RUB:123.38 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 10 декабрь№ 50