Вазирлар Маҳкамаси томонидан 1.06.2021 йилдаги «Маҳаллабай» ишлаш тизими орқали 2021–2022 йилларда Тошкент вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 337-сон қарор қабул қилинди.
Тошкент вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
- маҳаллабай ишлаш асосида аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка ва ўзини ўзи банд қилиб ишлаш фаолиятига жалб қилиш;
- маҳаллаларнинг «ўсиш нуқталари»ни (ихтисослашув йўналишларини) аниқлаш ва янги тадбиркорликни, шу жумладан «драйвер» лойиҳаларни амалга оширишда ҳар бир маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ўсишини таъминлаш;
- маҳалла паспортидаги мезонлар асосида «қизил», «сариқ» ва «яшил» ҳудудларга ажратган ҳолда барча маҳаллаларни «яшил» ҳудудга ўтказиш чораларини кўриш;
- «Темир дафтар»га киритилган 11,6 мингта оиланинг 4,3 минг аъзосини, «Ёшлар дафтари»га киритилган 37,7 минг нафар хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва уларга аниқ йўналишлар бўйича манзилли кўмаклашиш, мақсадли касб-ҳунарга ўқитиш, иш билан таъминлаш, моддий ёрдам бериш.
Қуйидагилар тасдиқланди:
1. 2021–2022 йилларда Тошкент вилояти туманлари ва шаҳарларининг «ўсиш нуқталари» (ихтисослашув йўналишлари);
2. 2021–2022 йилларда Тошкент вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури;
3. 2021 йилда Тошкент вилоятида янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш прогноз кўрсаткичлари.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2.06.2021 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.