Президентнинг 11.05.2017 йилдаги ПҚ–2964-сон Қарори билан 2017–2018 йилларда пойтахтимизда «Нumo Arena» кўп тармоқли муз комплексини қуришга қарор қилинди.
Халқаро талаб ва стандартларга жавоб берадиган объект Чилонзор туманининг Олмазор ва Бешёғоч кўчалари кесишувида жойлашади. Янги муз комплексини 2018 йилнинг III чорагидан фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Қурилиш буюртмачининг («Wind Rose» МЧЖ) ўз маблағлари ва бошқа манбалар, хусусан, миллий ва хорижий валютада пул шаклида олинган хайрия маблағлари, товар, иш ва хизматлар ҳисобидан амалга оширилади.
Лойиҳани амалга ошириш доирасида буюртмачи, бош пудрат ташкилоти (Сингапурнинг «Enter Engineering Pte.Ltd.» компанияси) ва бош лойиҳа ташкилоти (Жанубий Кореянинг «Нeerim Architects & Planners Co., Ltd.» компанияси)га қатор солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим этилган.
Бундан ташқари, қурилишда иштирок этадиган жисмоний шахсларга бериладиган бепул овқат қиймати ЯИТ, ЖШДС ва фуқароларнинг суғурта бадалларини ҳисоблашда солиқ солинадиган объектга киритилмайди.
Шунингдек, Ўзбекистонда доимий муассасалар орқали фаолият юритадиган норезидентлар учун ЖШДС ҳисоблашда лойиҳани амалга ошириш доирасида тақдим этиладиган хайрия маблағлари миқдори чегириладиган сарф-харажатларга киради.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз.