Президентнинг 16.01.2025 йилдаги ПФ-6-сон Фармони билан тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида қайта ишлаш занжирини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.
Ҳужжат билан тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида қайта ишлаш занжирини ривожлантириш бўйича 2025-2027 йилларда асосий мақсадли кўрсаткичларга етказиш назарда тутилган:
- маҳсулот экспортини 2025 йилда – 4,0 млрд долларгача, 2026 йилда – 5,0 млрд долларгача, 2027 йилда – 7,0 млрд долларгача;
- АҚШ ва Европа давлатлари бозорларига тайёр маҳсулотлар экспортини – 500 млн долларгача;
- жами экспорт ҳажмида тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари улушини – 70 фоизгача;
- жалб қилинадиган хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажмини – 5 млрд долларгача.
Тармоқни қўллаб-қувватлаш учун ип-калава ва матонинг экспорт йиғимидан (божидан) тушадиган маблағлар тўлиқ ҳажмда Тармоқларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ўтказилади.
2025 йилда Жамғарма маблағларининг 15 млн доллари (2026 йилдан бошлаб камида 80 фоизи) ип-калава ва мато экспортидан йиғимлар (божхона тўловлари)дан, шунингдек, 15 млн доллар (ишлаб чиқариш асбоб-ускуналарини харид қилишни субсидиялаш учун кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан) газлама, мато ва тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳалари доирасида асбоб-ускуналар харид қилиш учун кредитлаш мақсадида банкларга йўналтирилади.
Бунда кредитлар ускуналар қийматининг 15 фоизи миқдорида бўнак тўловларини молиялаштириш учун чет эл валютасида йиллик 4 фоиз ставкада (шу жумладан, банк маржаси – 2 фоиз) 7 йилгача муддатга ажратилади.
Шу билан бирга "Савдони ривожлантириш компанияси" АЖ Савдога кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан корхоналарнинг халқаро сертификатлар ("GOTS", "ОЕКО-ТЕХ", "BCI", "BSCI", "Organic Cotton", "SEDEX") олиш билан боғлиқ харажатларини қоплайди.
Бундан ташқари, устав фонди 10 млрд сўм миқдорида бўлган МЧЖ шаклидаги Факторинг ташкилоти ташкил этилади.
Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси Савдони ривожлантириш компаниясига 2028 йил 1 январдан бошлаб қайтариш шарти билан йиллик 4 фоиз ставкада 5 йил муддатга 100 млн доллар ажратади. Улар саноат корхоналарига факторинг ва лизинг хизматларини кўрсатишга йўналтирилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 22.01.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова