Вазирлар Маҳкамасининг 30.12.2024 йилдаги "Туристик кластерлар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" ВМҚ-915-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан Туристик кластерларни ташкил этиш ва уларга туристик кластер мақомини бериш тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Туристик кластер мақоми Туризм қўмитаси томонидан берилади.
Бу мақомни олиш учун қуйидаги мезонларга мувофиқ бўлиш керак:
- туроператор – меҳмонхона – транспорт хизматлари фаолиятини тўлиқ қамраб олиш;
- кластер ҳудудида камида 40 кишига мўлжалланган туристларни жойлаштириш воситаларининг мавжудлиги;
- кластер ҳудудида камида битта миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари сотиш нуқтасининг мавжудлиги;
- туризмнинг қуйидаги турларидан бирини ташкил этиш:
- экотуризм (геотуризм);
- агротуризм (қишлоқ туризми);
- этнографик туризм;
- маданий ва тарихий туризм;
- рекреацион туризм;
- тиббий (соғломлаштириш) туризми;
- туристлар (экскурсантлар) хавфсизлигини таъминлаш;
- қўшимча кўнгилочар хизматлар яратиш (от, туя, транспорт, велосипед, қайиқ, катамаранлар ижараси ва бошқ.);
- жойлаштириш воситаларида жойларни олдиндан банд қилиш ва туристик хизматларни олдиндан буюртма қилиш имкониятини яратиш.
Туристик кластер мақомини олиш учун ариза топширилгандан сўнг, ваколатли орган жойига чиқиб, аризачининг талабларга мувофиқлигини ўрганади ва ўз хулосасини Комиссияга юборади. Комиссия Туризм қўмитаси ходимлари ва туризм соҳасидаги ННТлар вакилларидан иборат. Туристик кластер мақоми унинг қарори билан берилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинди ва 08.01.2025 йил кучга кирди.
Собир Нурбердиев