Вазирлар Маҳкамасининг 7.07.2021 йилдаги 427-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – туризм ва спорт вазирининг функционал вазифалари, Туризм, спорт, маданият ва оммавий коммуникациялар масалалари котибияти ҳамда Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси тўғрисидаги низомлар тасдиқланди.
Ҳужжат Президентнинг 6.04.2021 йилдаги «Туризм, спорт ва маданий мерос соҳаларида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6199-сон Фармони ҳамда 10.06.2021 йилдаги «Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини такомиллаштиришга оид кўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-5143-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Туризм, спорт, маданият ва оммавий коммуникациялар масалалари котибияти Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади. Котибиятга Бош вазир раҳбарлик қилади.
Котибият Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – туризм ва спорт вазирига бўйсунади, унинг фаолияти Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси томонидан мувофиқлаштириб борилади.
Қуйидагилар Котибиятнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
туризмни жадал ривожлантириш соҳасида:
- 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш Концепциясига мувофиқ туризмни, авваламбор, хусусий секторда ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, кўрсатилаётган хизматларнинг рақобатбардошлигини ва сифатини ошириш, миллий туризм маҳсулотини дунё бозорида фаол ва комплекс равишда тарғиб қилиш чораларини кўриш;
- Концепцияга мувофиқ белгиланган қуйидаги устувор вазифаларнинг амалга оширилишини таъминлаш:
- туризм фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, туризмни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратишга қаратилган халқаро меъёр ва стандартларни имплементация қилиш;
- туризм инфратузилмасини ривожлантириш, шу жумладан соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда мақбул ва қулай туризм муҳитини яратишни таъминлаш;
- транспорт логистикасини ривожлантириш, ички ва ташқи йўналишларни кенгайтириш, транспорт хизматлари сифатини оширишни таъминлаш;
- туризм бозорининг турли сегментларига йўналтирилган туризм маҳсулоти ва хизматларини диверсификация қилишни таъминлаш;
- туризм фаолияти субъектларининг фаоллигини рағбатлантиришни таъминловчи ички туризмни ривожлантиришни мувофиқлаштириш;
- Ўзбекистон Республикаси туризм маҳсулотини халқаро ва ички туризм бозорларида тарғиб қилишни таъминлаш, мамлакатнинг имиджини мустаҳкамлаш ва бошқалар;
жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш соҳасида:
- мамлакатда юксак маданиятга эга бўлган ҳар томонлама етук ҳамда жисмонан соғлом инсонни шакллантириш мақсадида аҳолининг жисмоний тарбия ва спорт соҳасида малака ва билимларини орттиришга қаратилган устувор йўналишларни белгилаш, иқтидорли спортчиларни танлаб олиш жараёнига инновацион шакллар ва усулларни жорий этиш;
- ҳар бир оила, маҳалла ва туман (шаҳар)да, мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларида ҳамда бошқа ташкилотларда жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланишга шарт-шароитлар яратиш ва бошқалар.
Шунингдек Котибиятга қуйидаги вазифалар ҳам юклатилган:
- маданият ва санъатни, кино санъати ва саноатини ривожлантириш;
- ОАВни янада ривожлантириш;
- «йўл хариталари»ни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 8.07.2021 йилдан кучга кирди.
Наргиза Воҳидова.