Вазирлар Маҳкамасининг 12.10.2024 йилдаги 668-сон қарори билан "Умра" тадбирини ташкил этиш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тасдиқланди.
Ҳужжат билан "Умра" тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди, унда қуйидагилар назарда тутилган:
- "Умра" тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятини амалга ошириш талаблари ва шартлари;
- танлов ўтказиш, аризаларни кўриб чиқиш тартиби, танлов комиссияси ишини ташкил этиш;
- лицензияни расмийлаштириш ва қайта расмийлаштириш, тўхтатиб туриш, бекор қилиш ва тугатиш асослари;
- ваколатли органнинг қарори устидан шикоят бериш вa уни кўриб чиқиш.
Дин ишлари бўйича қўмита ҳузурида юридик шахс ҳисобланмайдиган "Зиёрат" жамғармаси ташкил этилади. Лицензия олиш учун талабгор компания "Зиёрат" жамғармасига захира сифатида 1 млн АҚШ доллари тўлаши керак.
Компания штатида Халқаро ислом академияси ёки бошқа маҳаллий диний ўқув муассасасининг камида бир нафар битирувчиси бўлиши керак. Зиёратчилар гуруҳлари раҳбарлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан келишилган ҳолда тайинланади.
"Умра" ташкилотчиси зиёратчилар билан туроператорлар ва турагентларни жалб қилмасдан бевосита ишлаши керак. Зиёратчиларни Саудия Арабистонига фақат тўғридан-тўғри (учинчи мамлакатлар орқали эмас) ва махсус "Умра" визаси мавжуд бўлганда юборишга йўл қўйилади.
"Умра" ташкилотчиси учун талаблардан бири Саудия Арабистони ҳудудидаги ҳамкор ташкилот билан иш кўришдир.
Бундан ташқари, "Умра" ташкилотчиси зиёратчилар учун тиббий ёрдам кўрсатиш, тегишли даражадаги меҳмонхоналарда жойлаштиришни ўз ичига олган барча шароитларни яратиш учун жавобгар бўлади. Шунингдек, лицензия беришда танланган авиакомпания (республика резиденти) ва унинг обрўси баҳоланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 14.10.2024 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова