Бунинг учун улар Вазирлар Маҳкамасининг 24.07.2019 йилдаги 624-сон қарорида белгиланган қатор талабларни бажариши лозим.
Жорий йилнинг 15 октябридан умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектларда туну кун фаолият юритишга рухсат бериш жорий этилади. Бунинг учун муассасалар ўз ҳисобидан қуйидаги ҳаракатларни амалга ошириши лозим:
- объектларнинг ички қисмига, шу жумладан, хизмат кўрсатиш хоналари, шунингдек кириш ва чиқиш жойларига тасвирни камида 30 кун давомида сақлаш имконини берувчи видеокузатув тизимини ўрнатиш;
- биноларнинг ён-атрофи, автотураргоҳ ва уларга тегишли бошқа ҳудудларни етарли даражада (камида 10 метр масофада) ёритишни таъминлаш;
- бинода шовқиннинг рухсат этиладиган меъёрларига риоя этиш (0267-09-сон САНҚваНга қаранг), тўлиқ товуш ўтказмайдиган этиб жиҳозлаш ёки тунги вақтда мусиқа ва товуш кучайтиргич асбоб-ускуналаридан фойдаланмаслик;
- ёнғин ўчириш воситалари ҳамда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур дори воситалари ва тиббий буюмлар тўплами солинган тиббий ёрдам қутичалари билан таъминлаш;
- бинонинг барча учун кўринарли жойларига ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятлар юз берган тақдирда ҳаракатланиш ва фуқароларни эвакуация қилиш чизмаси, шунингдек қутқарув хизматларининг телефон рақамлари кўрсатилган маълумотларни ўрнатиш.
Муассаса раҳбари томонидан юқорида кўрсатилган талаблар бажарилганлиги ҳақида ҳудудий ички ишлар органларига тегишли маълумот тақдим этилади. Объект белгиланган талабларга риоя этган ҳолда уларнинг қонуний фаолиятига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан аралашиш тақиқланади.
Белгиланган талаблар бузилса ёки уларнинг тунги фаолияти юзасидан жамоатчилик томонидан мунтазам равишда эътирозлар билдирилса, бу уларнинг тунги вақтда фаолият юритиш ҳуқуқи ҳокимият томонидан бекор қилиниши учун асос бўлиши мумкин.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 15.10.2019 йилдан кучга киради.
Ленара Хикматова.