Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳи мукофотланди.
Мамлакатимизда ёш авлоднинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтириш, уларни она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига қўшган салмоқли ҳиссаси, таълим-тарбия тизимидаги кўп йиллик самарали меҳнати, ёшларга илм-фан асослари ва замонавий касб-ҳунарларни ўргатишдаги фидойилиги ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун уларга «Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози» фахрий унвонлари тақдим этилди.
Соҳанинг алоҳида вакиллари «Фидокорона хизматлари учун», «Меҳнат шуҳрати», II даражали «Соғлом авлод учун», «Дўстлик», орденлари ҳамда «Шуҳрат» медали билан тақдирланишди.