Вазирлар Маҳкамасининг 30.09.2015 йилдаги 278-сон қарори билан Ўрмондан фойдаланганлик учун тўловлар миқдорини ва уларни ундиришни тартибга солиш тўғрисида Низом тасдиқланди.
Давлат ўрмон фонди участкалари ўрмондан доимий фойдаланувчилар ва вақтинча фойдаланувчиларга ўрмондан фойдаланишнинг қуйидаги турлари бўйича тўлов асосида фойдаланишга берилади:
чорва молларини боқиш;
пичан ўриш;
асалари уялари ва қутиларини жойлаштириш;
дарахт ва буталарни кесмаган ҳолда ўтин ва шох-шаббаларни йиғиш;
участкалардан маданий-маърифий, тарбиявий, соғломлаштириш, рекреацион ва эстетик ва илмий-тадқиқот мақсадларида фойдаланиш.
Ўрмондан фойдаланганлик учун тўловлар юридик шахслар томонидан нақд пулсиз шаклда, жисмоний шахслар томонидан эса нақд пул ёки нақд пулсиз шаклларда белгиланган миқдорларда амалга оширилади.
Участкадан фойдаланишнинг бир календарь йилигача бўлган муддат учун - ўрмондан фойдаланиш бошлангунга қадар 100% миқдорида, бир йилдан ортиқ бўлган муддати учун - ҳар бир календарь йилнинг январь ойида ёки ўрмондан фойдаланиш мавсуми бошланишида жорий календарь йил учун 100% миқдорида тўлов амалга оширилади.
Қуйидагилар участкадан маданий-маърифий, тарбиявий, соғломлаштириш, рекреацион ва эстетик мақсадларда бепул фойдаланишлари мумкин:
мактабгача ёшдаги болалар;
ўзларининг табиат билан боғлиқ тегишли дастурлари бўйича давлат ўрмон фонди участкаларидан фойдаланадиган мактабгача таълим муассасаларининг тарбиячилари ва тарбияланувчилари, умумтаълим муассасаларининг ўқитувчи ва ўқувчилари, ўрта махсус, касб-ҳунар ҳамда олий таълим муассасаларининг ўқитувчилари ва талабалари;
"Меҳрибонлик" уйлари ва "Мурувват" болалар интернат-уйлари тарбияланувчилари;
ногиронлар;
1941-1945 йиллардаги жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронлари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар;
атом объектларидаги ҳалокатлар оқибатида келиб чиққан юқори радиация нурланиши билан боғлиқ нурланиш касаллигига ва бошқа касалликларга йўлиққан ёки уларни бошидан кечирган шахслар.
Шунингдек қабул қилинган қарор билан юридик ва жисмоний шахслар яланғоч қизилмияни хом ашё сифатида Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига олиб чиққанликлари учун тўловлардан 2016 йил 31 декабргача озод қилинган.
Елена ЕРМОХИНА,
бизнинг эксперт-юристимиз.