«Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири эълон қилинди.
Ўсимликлар карантини – қишлоқ хўжалигига ва бошқа ўсимликлар дунёсига зарар етказиши мумкин бўлган ўсимликлар карантини объектлари кириб келишининг, тарқалишининг олдини олишга ҳамда бундай объектларни бартараф этишга қаратилган тадбирлар мажмуи.
Қонуннинг янги таҳририда аввалгисидан фарқли равишда ўсимликлар карантинини таъминлашда иштирок этувчи ташкилотлар, ш.ж. Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини давлат инспекциялари, Ўсимликлар карантини илмий марказининг ваколатлари, шунингдек ўсимликларни касалликлар ва зараркунандалардан ҳимоялаш учун кўриладиган чора-тадбирлар батафсил баён этилган.
Ўсимликлар карантинига доир тадбирлар
Ўсимликлар карантини объектлари аниқланган ҳолларда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари билан туман (шаҳар) давлат инспекторининг тақдимномасига кўра зарур чекловлар ўрнатилади. Ўсимликлар карантини остида деб эълон қилинган ҳудудда ўчоқнинг тарқалишига йўл қўйилмайди, унга туташ ҳудудларда ўсимликлар карантини объектлари тарқалишининг олдини олишга ва уларни йўқ қилишга қаратилган тадбирлар ўтказилади.
Бундан ташқари, давлат инспекторлари ўсимликларнинг ва ўсимлик маҳсулотининг фитосанитар тозалигини таъминлаш, уларда ўсимликлар карантини объектлари мавжудлигини ёки мавжуд эмаслигини аниқлаш мақсадида фитосанитар дала назоратини амалга оширадилар.
Ўсимликлар карантини соҳасидаги лаборатория текширувлари:
- карантин остидаги маҳсулотнинг ўсимликлар карантини қоидаларига ҳамда фитосанитария талабларига мувофиқлигини аниқлаш;
- Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўсимликлар карантини соҳасида мониторинг олиб бориш;
- фитосанитар хавфни таҳлил қилиш;
- фитосанитария сертификатини бериш;
- карантин рухсатномасини бериш;
- илмий изланишларни амалга ошириш;
- қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мақсадларда ўтказилади.
Фумигация ишлари (зараркунандалар ва ўсимликлар касалликларини қўзғатувчиларни заҳарли буғлар ёки газлар билан заҳарлаш орқали йўқ қилиш) фақат махсус бўлинмалар томонидан амалга оширилади.
Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати ўсимликлар карантини объектлари тарқалишини мониторинг қилади. Унинг мақсад ва вазифалари қуйидагилардан иборат:
- ўсимликлар карантини объектларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келишига, тарқалишига ҳамда биоэкологик хусусиятларга таъсир кўрсатишига кўмаклашувчи омилларни аниқлаш ва баҳолаш;
- ўсимликлар карантини объектларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келиш йўлларини ва тарқалган ҳудудларни аниқлаш;
- ўсимликлар карантини объектлари ўчоқларини аниқлаш;
- ўсимликлар карантини объектларига қарши курашиш учун зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
- фитосанитар хавфни аниқлаш ва таҳлил қилиш.
Карантин остидаги маҳсулотларни олиб кириш ва олиб чиқиш
Қонун билан ўсимликлар карантини объектлари аниқланган карантин остидаги маҳсулотни олиб кириш тақиқланди, бундан уларнинг илмий мақсадларда олиб кирилаётган намуналари мустасно.
Уруғликларни ва экиш материалларини хорижий мамлакатлардан Ўзбекистон Республикасида яшовчи фуқароларга почта жўнатмаларида юбориш, шунингдек юк билан олиб ўтиш тақиқланади. Ўсимликлар карантини объектлари билан зарарланмаган айрим меваларни, янги ҳўл мева ва сабзавотларни йўловчиларнинг қўл юкида ўтказишга ўсимликлар карантини давлат инспектори томонидан рухсат берилади. Алоҳида қимматга эга бўлган уруғлар, ўсимликлар ёки экиш материаллари илмий-тадқиқот муассасаларининг манзилига йўлланган тақдирда, улар инспекторнинг хулосасига кўра интродукция карантин кўчатхонасига текшириш учун юборилиши керак.
Карантин остидаги маҳсулот мавжуд бўлган транзит юклар ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати томонидан мажбурий текширувдан ўтказилиши лозим. Ўсимликлар карантини объектлари аниқланган тақдирда, мазкур юклар ушлаб турилиши, зарарсизлантирилиши ёки уни экспорт қилган мамлакатга қайтариб юборилиши керак.
Мамлакатдан олиб чиқилаётган маҳсулот Ўзбекистон ҳудудидан олиб чиқилиши тақиқланган карантин остидаги маҳсулотлар рўйхатига киритилмаган бўлиши керак. Бунда маҳсулотнинг ҳар бир туркумига белгиланган намунадаги фитосанитария сертификати илова қилинган бўлиши керак.
Карантин остидаги маҳсулотни экспорт қилиш билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахслар, тегишли ўсимликлар карантини давлат инспекциясини карантин остидаги маҳсулотни юклаб жўнатиш санаси тўғрисида камида 10 кун олдин хабардор қилиши, маҳсулотни юклаб жўнатиш учун мақбул бўлган жойни улар билан биргаликда белгилаши, юклаб жўнатиш санасидан 3 кун олдин экспорт қилинаётган маҳсулотни текшириш учун тақдим этиши шарт.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 10.07.2018 йилдан кучга кирди.
Олег Гаевой.