Вазирлар Маҳкамаси томонидан 15.06.2020 йилдаги “Хусусийлаштириш жараёнларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 381-сон қарор қабул қилинди.
Халқаро тажрибага асосланган замонавий ёндашувларни кенг жорий этиш орқали инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида «UzAssets» АЖ инвестиция компанияси ташкил этилмоқда. Давлат активларини бошқариш агентлиги унинг таъсисчиси ҳисобланади.
«UzAssets» АЖнинг асосий вазифалари:
- бошқарувга берилган давлат улушига эга корхоналарни сотишдан олдин тайёрлаш, уларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, бу борада самарали механизмларни жорий этиш бўйича хорижий, халқаро институтлар ва компаниялар билан самарали ҳамкорликни ташкил этиш;
- корхоналар фаолиятини комплекс таҳлил килиш (due diligence), “бенчмаркинг” усулида таққослаш орқали ривожланиш прогноз кўрсаткичларини белгилаш;
- корхоналарнинг даромадлилик нормасини халқаро амалиётдаги мезонлар IRR, NPV, EBITDA ва бошқалар асосида таҳлил қилиш;
- устав капиталига берилган акция пакетларини (улушларини) самарали бошқариш, корхоналарни ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош корхоналарга айлантириш;
- салоҳиятли инвесторларнинг рўйхатини шакллантириш;
- инвестиция воситачиларини жалб этган ҳолда, “Road Show” дастурларини ишлаб чиқиш ва мақсадли аудиториялар учун тақдимотлар ўтказиб борилишини ташкил этиш;
- иқтисодиёт тармоқларини узоқ муддатли ривожлантириш мақсадларидан келиб чиқиб, устав капиталига берилган активларни сотиш орқали барқарор ва муваффақиятли хусусийлаштиришни таъминлаш.
«UzAssets» инвестиция компаниясининг устав фонди Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармаси ҳисобидан 20 млрд сўм миқдоридаги пул маблағлари ҳисобига шакллантирилади. Шунингдек, у 10 та корхонанинг номинал қийматдаги давлат акция пакетлари ҳисобига шакллантирилади:
- «Кварц» АЖ;
- «Қизилқумцемент»;
- «Урганчшароб» АЖ;
- «Ўзбекистон шампани» АЖ;
- «Ўзгеорангмет ЛИТИ» ДУК;
- «Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ» ДУК;
- «Денов вино-ароқ» АЖ;
- «Кафолат суғурта компанияси» АЖ;
- «Олмазор кичик саноат зонаси» АЖ;
- «Шаҳрисабз юлдузи» ДУК.
Хусусийлаштириладиган корхоналарнинг акция пакетлари (улушлари) кейинчалик Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида «UzAssets» инвестиция компаниясига ўтказилади.
«UzAssets» компанияси кузатув кенгашининг таркиби камида 50% юқори малакали, халқаро тажрибага эга бўлган мутахассислардан иборат бўлади.
Компаниянинг соф фойдаси сотишдан олдинги тайёрлаш билан боғлиқ харажатларни чегирган ҳолда тўлалигича давлат активларини хусусийлаштиришдан тушган маблағлар сифатида Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 16.06.2020 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.