Президент 30.11.2022 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги Шартномани ратификация қилиш ҳақида»ги ЎРҚ-804-сон Қонунни имзолади. Қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 14.11.2022 йилда қабул қилинган ва Сенат томонидан 18.11.2022 йилда маъқулланган.
Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги Шартнома 13 та моддадан иборат. Унда умумий узунлиги 302,29 километрга тенг чегара линияси белгиланган.
Ўзбекистонга Андижон сув омбори ҳудудидаги 4 957 гектар, тўғонга хизмат кўрсатиш ва уни муҳофаза қилиш учун қўшимча 19,5 гектар ер ўтади. Қирғизистонга компенсация сифатида 1 019 гектар яйлов ерлари берилади.
Андижон сув омборининг чап қирғоғида қуриб битказилмаган Кампиробод канали учун компенсация сифатида «Ғовасой» участкасидаги 12 849 гектар ер ҳам Қирғизистонга ўтказиб берилади. Бунда Қирғизистон томони Ғовасой дарёсининг табиий оқимига тўсқинлик қиладиган гидротехник ва бошқа иншоотларни қурмаслик, сувнинг техник ифлосланишига йул қўймаслик мажбуриятини олади.
Андижон сув омборининг сув ресурсларини ва Сўх туманидаги «Чашма» булоғига эга участкани биргаликда бошқариш масалаларини алоҳида шартномалар билан тартибга солишга келишиб олинди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари миллий базасида эълон қилинган ва 01.12.2022 йилдан кучга кирган.
Лола Абдуазимова.