Вазирлар Маҳкамасининг 21.02.2018 йилдаги 133-сон қарорида тегишли чора-тадбирлар назарда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга қуйидаги автомобиль йўллари ўтказиш пунктларининг муҳандислик-коммуникация ва йўлбўйи инфратузилмасини ташкил этиш ва янада ривожлантириш учун зарур ер участкалари ажратилади:
- Самарқанд вилоятидаги «Жартепа»;
- Жиззах вилоятидаги «Қушкент», «Учтурган»;
- Сирдарё вилоятидаги «Ховостобод»;
- Тошкент вилоятидаги «Бекобод»;
- Наманган вилоятидаги «Поп»;
- Фарғона вилоятидаги «Равот»;
- Сурхондарё вилоятидаги «Гулбаҳор» автомобиль йўллари ўтказиш пунктлари ва «Амузанг» темир йўл ўтказиш пункти.
Шунингдек Жартепа аҳоли пункти (Самарқанд вилояти Ургут тумани) ҳудудидаги чегара постининг бинолари, иншоотлари ва унга туташ ҳудудларни ДБҚга оператив бошқариш ҳуқуқи билан берилади. 2019–2020 йилларда янги жойда жойлаштириладиган чегара постининг инфратузилмаси қурилади.
Тегишли вилоят ҳокимликлари ўтказиш пунктларига туташ автомобиль йўллари бўйида замонавий стандартларга мос йўлбўйи инфратузилмасини ташкил этишлари ҳамда фуқаролар учун зарур ижтимоий-маиший шароитлар яратишлари лозим. Бундан ташқари, улар вазирликлар ва идораларга жойларда фаолият йўналишлари бўйича ишларни ташкил этиш учун зарур хизмат-маиший шароитлар яратишда кўмаклашадилар.
1.03.2018 йилга қадар мамлакатимиз ҳудуди доирасида «Ғалаба-Хошадий» темир йўл участкаси реконструкция қилинади ва ўтказиш пунктида давлат назорат органларининг фаолият йўналишлари бўйича ишларини ташкил этиш учун биринчи навбатдаги зарур хизмат-маиший шароитлар яратилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 23.02.2018 йилдан кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов.