Президентнинг 12.05.2018 йилдаги ПҚ–3722-сон қарори билан республикамиз Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи-давлатларининг умумий илмий-технологик макон яратиш тўғрисидаги 1995 йил 3 ноябрдаги Битимига (20.11.2009 йилда Ялта шаҳрида имзоланган) ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги Протоколига қўшилди.
Протокол билан Илмий-техникавий ва инновацион соҳалардаги ҳамкорлик бўйича давлатлараро кенгаш ташкил этилди. Бу доимий фаолият юритувчи, МДҲнинг тармоқ ҳамкорлигини мувофиқлаштирувчи органдир, у:
- давлатлараро илмий-техникавий ва инновацион маконни шакллантириш масалаларини ишлаб чиқади;
- илмий-техникавий ва инновацион соҳалардаги устувор йўналишлар ва ҳамкорлик қилиш шаклларини белгилайди;
- мазкур соҳадаги масалалар бўйича ҳужжатлар лойиҳаларини қабул қилади ёки тайёрлайди ҳамда МДҲ иштирокчи-давлатлари раҳбарлари ва ҳукуматлар раҳбарлари кўриб чиқиши учун киритади.
Ҳар бир иштирокчидан битта вакил – ижроия ҳокимиятининг соҳа органи раҳбари ёки ўринбосари, шунингдек Фанлар академияси халқаро ассоциацияси раҳбари унинг таркибига киради. МДҲ иштирокчи-давлатининг ҳар бир вакили битта овозга эга бўлади. Инновацион ривожланиш вазирлиги мамлакатимизнинг ваколатли органи этиб белгиланди.
Давлатлараро кенгаш йиғилишлари заруратга қараб, бироқ Битимга аъзо давлатларда навбати билан йилига камида 1 марта ўтказилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 14.05.2018 йилдан кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов.