Президент томонидан 19.07.2021 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Стратегик ривожланиш агентлигини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6264-сон Фармон имзоланди.
Ҳужжатга мувофиқ:
- Ўзбекистон Республикаси Стратегик ривожланиш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик);
- Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида Агентликнинг Кенгаши;
- Агентликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма);
- Агентлик ҳузурида Стратегик ташаббуслар акселератори ташкил этилади.
Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
- тармоқлар ва ҳудудлар кесимида инвестицияларни жалб этиш ва лойиҳаларни амалга оширишнинг стратегик масалаларини ўрганиш, инвестиция фаолиятининг истиқболли тармоқлари ва йўналишларини аниқлаш;
- мамлакатда инвестиция муҳитини ва ташқи савдо фаолиятини такомиллаштириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш, ҳудудлар ва тармоқларнинг рақобатбардошлигини янада ошириш учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатнинг ижобий имижини шакллантириш ва илгари суриш мақсадида халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш;
- иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларнинг инвестициявий жозибадорлиги рейтингини шакллантириш ва доимий юритиш, шу асосда давлат органларининг инвестиция муҳитини яхшилаш, ҳудудлар ва тармоқларни ривожлантириш соҳасидаги вазифаларни ҳал қилиш бўйича фаолияти самарадорлигини таҳлил қилиш ва баҳолаш;
- Президент ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгаши котибияти, шунингдек Президентнинг иқтисодий тараққиёт, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчисининг лойиҳа офиси ишини ташкил этиш;
- инвесторларни ахборот билан қўллаб-қувватлаш, йирик стратегик муҳим ва юқори самарадор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ташаббуси билан чиқиш, шунингдек уларни янада қўллаб-қувватлашни ташкил этиш;
- ҳудудлар ва тармоқларнинг инвестициявий жозибадорлиги ва экспорт салоҳиятини янада ошириш стратегияси ва сиёсатини белгилаш, эркин иқтисодий зоналардан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва бошқалар.
Агентлик юридик шахс ҳуқуқига эга давлат муассасаси ҳисобланади.
Қуйидагилар Агентлик фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:
- Давлат бюджети, Жамғарма маблағлари;
- Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари;
- вақтинча бўш маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинган даромадлар;
- қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.
Агентлик даромадлари солиқ солиш объекти ҳисобланмайди. Агентликка бош директор раҳбарлик қилади, у уч нафар ўринбосарга, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосарга эга бўлиб, улар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
Агентлик бош директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шарт-шароитларига кўра вазирнинг биринчи ўринбосарига, бош директор ўринбосарлари эса вазир ўринбосарига тенглаштирилади.
Агентлик ходимларига Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг марказий аппарати ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари, бюджет маблағлари ҳисобидан иш ҳақи миқдорлари, тиббий хизмат ва ижтимоий ҳимоя шартлари татбиқ этилади.
Агентлик Кенгаши қуйидагиларни тасдиқлайди:
- Агентлик фаолиятининг устувор йўналишларини, самарадорлигининг асосий кўрсаткичларини, унинг фаолияти билан боғлиқ бошқа қарорларни;
- Агентлик томонидан улар олдига қўйилган вазифаларни амалга ошириш бўйича ишлаб чиқилган таклифлар, «йўл хариталари» ва дастурларни;
- харажатлар сметасини, Агентлик ходимларининг меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини, шунингдек Агентлик ҳамда у томонидан ташкил этиладиган лойиҳа офислари фаолиятини молиялаштириш манбаларини.
Кенгаш мажлисларида қабул қилинган қарорлар барча давлат органлари ва ташкилотлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган баённомалар билан расмийлаштирилади.
Қуйидагилар тасдиқланди:
- Агентлик Кенгаши таркиби ва Агентлик Кенгаши тўғрисидаги низом;
- бошқарув ходимларининг чекланган сони 50 та штат бирлигидан иборат бўлган Ўзбекистон Республикаси Стратегик ривожланиш агентлигининг марказий аппарати тузилмаси;
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 19.07.2021 йилдан кучга кирди.
Наргиза Воҳидова.