Президентнинг 11.04.2022 йилдаги “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-201-сон қарори қабул қилинди.
Қуйидагилар оммавий спортни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди:
- маҳаллаларда ёшларнинг оммавий спорт билан шуғулланишлари учун моддий-техник базани мустаҳкамлаш ва спорт иншоотларини замонавий спорт жиҳозлари билан таъминлаш, шунингдек, имконияти чекланган ёшлар учун тегишли спорт инфратузилмасини яратиш;
- aҳолининг кенг қатламлари, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, улар ўртасида оммавий спорт мусобақаларини ташкил этиш орқали ёшларнинг оммавий спортдаги улушини ошириш;
- оммавий спорт билан мунтазам шуғулланувчи оилаларга маҳаллалар ва истироҳат боғларида шароит яратиш ва оилавий спортни рағбатлантириш механизмларини жорий этиш;
- oммавий спорт тадбирлари давомида ўқувчилари ғолиб ва совриндор бўлган умумий ўрта таълим мактабларининг жисмоний тарбия фани ўқитувчилари ва спорт-таълим муассасаларининг тренерлари меҳнатини муносиб рағбатлантиришва уларнинг фаолият олиб бориши учун шароит яратиш.
Ҳужжат билан Маҳаллаларда ёшлар ўртасида оммавий спортни янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
2022 йилдан бошлаб ҳар йили анъанавий тарзда 30 июнь - Ўзбекистон Республикаси ёшлари куни ҳамда декабрь ойида ўтказиладиган "Ёшлар форуми" доирасида спортнинг футбол, мини-футбол, волейбол, енгил атлетика, шахмат, шашка, стол тенниси, стритбол, воркаут турлари бўйича беш босқичли оммавий спорт мусобақаларини ўтказиш тизими жорий этилади:
- биринчи босқичда - кўчалараро маҳалла мусобақалари;
- иккинчи босқичда - маҳаллалараро сектор мусобақалари;
- учинчи босқичда - сектор мусобақаларида ғолиб бўлган маҳалла жамоалари ўртасида туман (шаҳар) мусобақалари;
- тўртинчи босқичда - туман (шаҳар) мусобақалари ғолиб маҳалла жамоалари ўртасида вилоят мусобақалари;
- бешинчи босқичда - вилоят мусобақаларида ғолиб бўлган маҳалла жамоалари ўртасида республика (финал) мусобақалари.
2023 йил 1 мартдан бошлаб олимпия, ноолимпия ва миллий спорт турлари бўйича уч босқичли умумреспублика спорт мусобақалари ўтказилади
Юқорида кўрсатилган мусобақалар давомида ғолибларни тайёрлаган мактабларнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчилари ва спорт-таълим муассасаларининг тренерлари малака аттестациясига жалб этилмайди ва уларга қуйидаги малака тоифалари тўғридан-тўғри берилади:
- туман (шаҳар) босқичи мусобақаларида ғолиб ва совриндорларни тайёрлагани учун - иккинчи малака тоифаси;
- вилоят босқичи мусобақаларида ғолиб ва совриндорларни тайёрлагани учун - биринчи малака тоифаси;
- республика (финал) босқичида ғолиб ва совриндорларни тайёрлагани учун - олий малака тоифаси.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 11.04.2022 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.