2018 йил 19 октябрь куни Тошкент шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида Ўзбекистон Республикасида Россия Федерациясининг олий таълим бўйича таълим муассасалари филиалларини ташкил этиш ва уларнинг фаолият юритиши тўғрисидаги Битим тасдиқланди (26.02.2019 йилдаги ПҚ–4213-сон қарор).
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битимда Ўзбекистонда Россия олий таълим муассасалари филиалларини ташкил этиш ҳамда уларнинг фаолият юритиш шартлари ва тартиби белгиланмаганлиги сабабли халқаро шартномани имзолаш зарурати юзага келди.
Умумий жиҳатлар қатори, ўтган йил октябрда имзоланган Битимда таълим жараёнини ташкил этиш масалалари ҳам тартибга солинган. Хусусан, белгиланишича, филиалларда Россия стандартларига мувофиқ келувчи ўқув дастурлари бўйича таълим берилади. Ўқиш рус тилида олиб борилади, бироқ ўзбек тили ва Ўзбекистон тарихи ўрганилади. Битирувчиларга Россия намунасидаги таълим олганлик тўғрисида ҳужжатлар берилади. Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 1 мартдан Ўзбекистонда бундай ҳужжатлар тўғридан-тўғри, махсус синовларсиз нострификация қилинади (тан олинади) (16.01.2019 йилдаги ПҚ–4119-сон қарорга қаранг).
Маълумот учун. Айни пайтда мамлакатимизда Россиядаги тўртта олий таълим муассасасининг филиаллари очилган:
- Г.В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети (ВМнинг 5.09.2002 йилдаги 318-сон қарорига қаранг);
- М.В. Ломоносов номидаги Москва давлат университети (24.02.2006 йилдаги ПҚ–290-сон қарорга қаранг);
- И.М. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети (12.01.2007 йилдаги ПҚ–564-сон қарорга қаранг);
- Москва давлат халқаро муносабатлар институти (11.02.2019 йилдаги ПҚ–4171-сон қарорга қаранг).
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 26.02.2019 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.