Вазирлар Маҳкамасининг 27.12.2024 йилдаги 893-сон қарори билан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштириш шакллари тўғрисидаги айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тасдиқланди.
Болаларни қабул қилувчи оилага жойлаштириш "Инсон" марказлари қарори асосида, оилавий болалар уйларини ташкил этиш ва тугатиш – Миллий ижтимоий ҳимоя агентлигининг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади.
Бунда етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни аниқлаш, шунингдек бундай болалар ва уларни муқобил жойлаштириш шаклларидан бири бўйича қабул қилишни хоҳловчи шахсларнинг ҳисобини юритиш "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" (ЯМИҲ) ахборот тизимида амалга оширилади.
Вояга етмаганлар устидан васийлик ва ҳомийлик органлари туман "Инсон" марказлари ҳисобланади. Улар болаларнинг энг яхши манфаатларидан келиб чиқиб муқобил жойлаштириш шаклларини белгилайдилар (васийлик ва ҳомийликни белгилаш, болани фарзандликка олиш, қабул қилувчи (фостер) оилага бериш, патронат ёки оилавий болалар уйларига жойлаштириш).
Ҳужжат билан васийлик ва ҳомийлик органининг ваколатлари ва вазифалари белгиланган. Хусусан, "Инсон" марказлари болалар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлайди, уларнинг моддий ва номоддий мол-мулкини ЯМИҲ ахборот тизимида электрон шаклда ҳисобга олади.
Шунингдек, васийлик органлари номзодларга қўйиладиган талабларга жавоб берадиган, васий ва ҳомий бўлишни истаган шахсларни танлаш ва ҳисобга олишни амалга оширади.
Президентнинг 14.11.2024 йилдаги ПФ-185-сон Фармонига мувофиқ қуйидагилар тасдиқланди:
- Ўзбекистон Республикасида вояга етмаганлар шахсларга нисбатан васийлик ва ҳомийлик органи тўғрисидаги низом;
- Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни аниқлаш, муқобил жойлаштириш шаклларига йўналтириш ва уларнинг ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низом;
- Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни муқобил жойлаштириш шаклларига олиш истагини билдирган фуқароларни танлаш, ҳисобини юритиш ҳамда муқобил жойлаштириш шаклларига берилган болаларни кузатиш ва мониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги низом;
- Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тутинган (фостер) оила ғамхўрлигига бериш тартиби тўғрисидаги низом;
- Фарзандликка олувчилар ва тутинган ота-оналарни тайёрлашни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом;
- Болалар уйлари тўғрисидаги низом ва бошқалар.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 28.12.2024 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова