Вазирлар Маҳкамасининг 05.05.2022 йилдаги 235-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш масалалари бўлими тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ҳужжат бўлимнинг асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва масъулиятини, шунингдек, унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди. Бўлим фаолияти Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолияти бўйича Вазирлар Маҳкамасини, унинг аппаратини ахборот-таҳлилий таъминлашга йўналтирилган.
Бўлимнинг асосий вазифалари:
- соҳадаги ислоҳотларнинг амалга оширилишини тизимли ҳамда комплекс ўрганишни ташкил этиш;
- маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш соҳасида қонунлар, Президентнинг фармонлари, қарорлари, буйруқлар, баённомалар ва йўриқномалар, “йўл хариталари”, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари бажарилишини назорат қилиш;
- маҳалла ва нуронийлар масалалари бўйича давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;
- фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари иш фаолияти самарадорлигини сифат жиҳатидан янгилаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чораларини ташкил қилиш;
- кексаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражаси ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш ва бошқалар.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 06.05.2022 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.