Давлат порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кўчма савдога рухсатнома бериш тартиби тўғрисида Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси муҳокама қилинмоқда.
Лойиҳа билан кўчма савдони стационар савдо шохобчаларидан ташқарида кўчма савдо объектларидан фойдаланган ҳолда озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари билан чакана савдо сифатида белгилаш таклиф қилинмоқда. Вақтинчалик асосда жойлаштирилган ва мавсумий ёки мақсадли тусга эга бўлган, шунингдек иш куни тугагандан кейин объект демонтаж қилиниб, кўчирилиши талаб қилинадиган кўчириладиган савдо объектлари (лотоклар, дўконлар, палаткалар, автодўконлар ва б.) кўчма савдо объектлари ҳисобланади.
Лойиҳа билан муҳокама қилинаётган Низом татбиқ этилмайдиган ҳолатлар белгиланади. Бу:
- юридик шахслар билан савдо хизмати кўрсатиш бўйича тузилган шартномалар асосида унда кўчма савдода савдога чиқариладиган товарлар ассортименти ва сонини кўрсатган ҳолда байрам ва байрамолди кунлари кўчма савдони амалга ошириш;
- Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига асосан кўргазма ва ярмарка савдоларини ўтказиш;
- деҳқон бозорлари ва шу мақсадлар учун ажратилган бошқа жойларда мева-сабзавот ва картошка билан чакана савдо қилиш;
- махсус ажратилган жойларда умумий овқатланиш маҳсулотларини сотиш.
Шунингдек лойиҳа билан кўчма савдо объектлари жойлашиши мумкин бўлмаган жойлар ҳам белгиланган. Бу давлат органлари, мактабгача ва ўрта умумтаълим муассасалари, вокзаллар, аэропортлар, метрополитен, турар жойлар ҳовлиларига ёндош ҳудудлар, майсалар, марказий кўчалар, майдонлар, жамоат транспорти бекатлари, автомобиллар тўхташ жойлари ҳамда савдо билан пиёдалар ва автомобиль транспорти ҳаракатига тўсқинлик қилинадиган жойлар.
Юридик шахслар кўпи билан олти ой муддатга бериладиган рухсатномани олиб кўчма савдони амалга оширишга ҳақли бўладилар. Бунда қайд қилиш жоизки, рухсатнома бўлган тақдирда ҳам кўчма савдода сотиладиган товарлар тури қатъий тартибга солинади. Демак, қуйидагиларни сотиш мумкин бўлмайди:
- маиший мақсаддаги техник жиҳатдан мураккаб бўлган товарлар;
- парфюмерия-косметика товарлари;
- тез бузиладиган товарлар ва болалар озуқа маҳсулотлари;
- ҳайвонлар;
- маиший кимё товарлари;
- қурилиш материаллари;
- пестицидлар ва агрохимикатлар;
- акциз солиғига тортиладиган товарлар;
- фақат турғун савдо шохобчалари орқали сотишга йўл қўйиладиган бошқа товарлар.
Қуйидагиларни илова қилган ҳолда аризани тақдим қилиб, рухсатномани “ягона дарча” принципи бўйича тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш бўйича ягона марказлар орқали туман (шаҳар) ҳокимлигидан олиш мумкин бўлади:
- туман (шаҳар) ҳудудида кўчма савдонинг тасдиқланган жойлашиш чизмасига мувофиқ кўчма савдо объектининг жойлашиш чизмаси;
- кўчма савдо объекти орқали сотилиши мумкин бўлган тасдиқланган товарлар рўйхати асосида сотиладиган товарлар рўйхати.
Ҳужжатларни кўриб чиқиш учун ҳақ тўланмайди, тартиботнинг ўзига эса кўпи билан уч кун кетади.
Кўчма савдога рухсатнома бериш учун тўлов ундирилади:
Тошкентда – 1 ЭКИҲ;
Нукусда, вилоятларнинг маъмурий марказлари ва вилоят бўйсинувидаги шаҳарларда – 1/3
ЭКИҲ;
туманларнинг маъмурий марказлари ва туман бўйсинувидаги шаҳарларда – 0,5 ЭКИҲ.
Бошқа аҳоли пунктларида кўчма савдони амалга оширишда рухсатнома учун тўлов ундирилмайди.
Рухсатнома беришга қуйидаги ҳолларда рад этилиши мумкин:
- рухсатнома бериш учун зарур ҳужжатларни тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим қилиш;
- ариза берувчининг рухсат бериш талаблари ва шартларига номувофиқлиги;
- ариза берувчи томонидан тақдим қилинган ҳужжатларда ишончсиз ва нотўғри маълумотларнинг мавжудлиги;
- агар кўчма савдо учун ариза берилган жойга бошқа тадбиркорлик субъектлари учун рухсатнома берилган бўлса.
Бошқа асосларга кўра рад этишга йўл қўйилмайди.
Юридик шахс қайта ташкил этилганда, номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарганда унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин етти иш куни мобайнида “ягона дарча” марказига кўрсатилган маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда рухсатномани қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.
Рухсатноманинг амал қилиш муддатини узайтириш унинг амал қилиш муддати тугашидан 15 кун олдин ариза берувчининг аризасига биноан амалга оширилади.
Рухсатнома йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда ариза берувчининг аризасига кўра унинг дубликати берилади.
Рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ва бекор қилиш “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида” Қонуннинг 22, 23 ва 25-моддаларида кўзда тутилган ҳолларда ва тартибда амалга оширилади.
Лойиҳа келишув босқичида ва унга ўзгартириш, тузатиш киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Елена ЕРМОХИНА,
эксперт-юристимиз
Мавзуга доир материал:
Фуд-трэк қайси қонунлар бўйича бораяпти