Навбатдаги ҳисобот даври якунланди. Бухгалтерлар солиқ ҳисоботини тайёрлашга киришдилар. Ногаҳон биринчилардан бўлиб солиқ ҳисоботини топширадиган микрофирма ва кичик корхоналар бухгалтерлари кутилмаган ҳолатга тўқнаш келдилар.
my.soliq.uz сайтидаги ЯСТ бўйича ҳисобот ғойиб бўлиб қолди. Кейинроқ янги иловалари билан пайдо бўлди:
- 10-сон – Харид қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактуралар ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестри;
- 11-сон – Реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактуралар ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестри.
Бундай янгилик бухгалтерларда кўп саволлар туғдирди ва муҳокамага сабабчи бўлди, уларга жавоб беришга уриниб кўрамиз.
ЯСТ тўловчиларга бу нима учун керак?
Солиқ тизимини ислоҳ қилиш концепциясида 2019 йилдан бошлаб йиллик обороти 1 млрд сўмдан ортиқ бўлган корхоналарни солиқ солишнинг умумбелгиланган тизимига, шу жумладан ҚҚС тўлашга ўтказиш назарда тутилган.
Шу муносабат билан ҳозир ЯСТ тўлаётган корхоналар кейинги йили бюджетга тўлайдиган ҚҚСнинг прогноз тушумини таҳлил қилиш зарур.
Бундан ташқари, бу ҳозирданоқ бўлажак ҚҚС тўловчиларни улар учун янги таомилга мослаштириш имконини беради. Шу сабабли ушбу шакллар тавсия тусига эга.
ЯСТ ҳисоб-китоби ортиб борган ҳолда топширилса, қайси давр учун реестрлар тўлдирилади – фақат учинчи чорак учунми ёки 9 ойнинг ҳаммаси учунми?
Реестрлар ортиб бормаган ҳолда фақат учинчи чорак учун тўлдирилади.
10, 11-сон иловалар қай тартибда тўлдирилади?
Ушбу иловалар 2 қисмга бўлинган.
Биринчи қисм электрон ҳисобот шакллари кўринишида тақдим этилган.
Уларда ҳисобот даври бошидаги, ҳисобот даври учун жами ва йил бошидан жами ҚҚСсиз етказиб бериш қийматини ва ҚҚС суммасини кўрсатиш зарур.
Бу харид қилинган ва реализация қилинган товарларга (ишларга, хизматларга) тааллуқли.
Эътибор беринг!
Харидлар реестрида харид қилинган товарлар бўйича барча ҳисобварақ-фактуралардаги жами ахборот, уларда ҚҚС ажратиб кўрсатилганидан қатъи назар, акс эттирилади.
Шаклда фақат ҚҚС ажратиб кўрсатилган ҳисобварақ-фактуралар акс эттирилиши тўғрисида изоҳ бўлса ҳам. Эслатиб ўтамиз, бу прогноз таҳлил қилиш учун зарур. Шу сабабли ушбу қоида янги йилдан амал қила бошлайди.
Сотувлар реестрида корхонангиз тақдим этган барча ҳисобварақ-фактуралар бўйича жами ахборот акс эттирилади.
Қандай ахборотни акс эттириш зарурлигига аниқлик киритамиз.
Ҳисобот даври бошидаги ҚҚСсиз етказиб бериш қиймати ва ҚҚС суммаси – биринчи ярим йиллик учун ҚҚСсиз етказиб беришнинг жами қиймати ва ҚҚС суммаси.
Ҳисобот даври учун ҚҚСсиз етказиб бериш қиймати ва ҚҚС суммаси – учинчи чорак учун худди шу кўрсаткичлар.
Йил бошидан ҚҚСсиз етказиб бериш қиймати ва жами ҚҚС суммаси – жорий йилнинг тўққиз ойи учун худди шу кўрсаткичлар.
Иккинчи қисм – бевосита реестрлар, яъни ҳисобварақ-фактураларнинг рўйхатлари.
Рўйхатларни шакллантириш учун жадвалларнинг шаблонларини ЯСТ бўйича ҳисобот жўнатиладиган сервисдан юклаб олиш мумкин. Тўлдирилган жадвалли, яъни «кирувчи» ва «чиқувчи» ҳисобварақ-фактуралар рўйхати бўлган файллар шу ернинг ўзида ҳисоботга илова қилинади.
Эътибор беринг!
Учинчи чорак учун сиз шакллантирган рўйхатларнинг жами кўрсаткичлари ҳисобот даври учун биринчи қисмдаги (иловаларнинг электрон шакллари) кўрсаткичларга мос келиши лозим.
Ҳисобварақ-фактуралар жуда кўп бўлса, нима қилиш керак?
Кўпчилик бухгалтерлар бухгалтерия дастурларини қўллайдилар. Айниқса, реализация қилиш бўйича салмоқли оборотлар ҳисобини юритадиганлари. Улар келиб тушган ва тақдим этилган ҳисобварақ-фактураларни электрон ҳисобга олиш журналларини ҳам юритадилар.
Шу сабабли дастурий таъминотингизга хизмат кўрсатувчи мутахассисларга тезроқ мурожаат қилишни тавсия этамиз. Улар учун ҳисобварақ-фактураларнинг электрон журналларидаги ахборотни харидлар ва сотувлар реестрлари кўринишида тақдим этиш қийинчилик туғдирмайди.
Уларга реестрлар шаблонлари бўлган файлларни бериб, нимани қайси устунда акс эттириш кераклигини тушунтиришингизнинг ўзи кифоя.
НКМ ва терминаллар билан ишловчи корхоналар эътиборига!
Сотувлар реестрида ҳар битта чек кўрсатилмайди. Ҳисобот даврининг ҳар бир ойидаги НКМ ва терминал орқали реализация якунлари бўйича жами маълумотларни кўрсатинг.
ҚҚСни ихтиёрий равишда тўловчи корхоналар эътиборига!
Улар ҳам барча тақдим этилган, шу жумладан ҚҚС солинмайдиган оборотлар бўйича ҳисобварақ-фактураларни сотувлар реестрида акс эттирадилар. Фақат ҚҚС солинадиган оборотлар бўйича ҚҚС кўрсатилади.
Фикримизча, реестрларни шакллантираётганда муайян операциялар бўйича ҳужжатларни ҳисоботда акс эттириш билан боғлиқ бошқа саволлар ҳам юзага келади.
Шу сабабли ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботи шаклларига (МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 3-илова) киритилган Харид қилинган ва реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестрларини юритиш тартибига мурожаат қилишни тавсия этамиз. Мазкур Тартиб ҳисобварақ-фактуралар реестрларини шакллантириш билан боғлиқ қатор саволларингизга жавоб топишда ёрдам бериши мумкин.
***
Шарҳимиз якунида барча бухгалтерларга ташвишга тушмасликни маслаҳат берамиз!
Юқорида қайд этилганидек, бу йил ҳисобварақ-фактуралар бўйича ахборот тавсия тусига эга. Ҳали вақт бор, сабаби 9 ой учун ЯСТ бўйича ҳисобот 25 октябрдан кечиктирмай топширилади.
Муайян ўзгартиришлар киритилган тақдирда Norma бу ҳақда албатта хабар беради. norma.uz сайтидаги материалларни кузатиб боринг!