Президент томонидан 12.07.2021 йилдаги "Янги Андижон" шаҳрини барпо этиш ишларини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5180-сон қарор имзоланди.
Ҳужжатга асосан 440 минг аҳоли учун "Янги Андижон" шаҳрини (кейинги ўринларда - шаҳар) босқичма-босқич комплекс қуриш учун Андижон туманининг адирликлари ҳудудидаги ўзлаштирилмаган 4 минг гектар ер майдонини ажратилади.
Шаҳар барпо этилишининг I босқичида 121 минг аҳоли учун кўп қаватли турар жойлар, ижтимоий соҳа, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, шунингдек, кичик саноат зонаси қурилади.
Қуйидагилар ташкил этилди:
- "Янги Андижон" шаҳрини барпо этиш ишларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси (кейинги ўринларда - Республика комиссияси);
- шаҳарни барпо этиш бўйича доимий фаолият юритувчи штаб (кейинги ўринларда - Штаб);
- Андижон вилояти ҳокимлиги ҳузурида "Шаҳарда объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш дирекцияси" ДУК (кейинги ўринларда - Дирекция).
Қуйидагилар белгиланди:
- Республика комиссияси, Штаб ва Дирекциянинг асосий вазифалари;
- Дирекция фаолиятини ва шаҳарни барпо этишнинг I босқичини молиялаштириш манбалари.
I босқич доирасида:
а) объектларни барпо этиш буюртмачиси функцияларини қуйидагилар бажаради:
- Дирекция - ички йўлларни, ижтимоий соҳа ва ободонлаштириш объектларини қуриш қисмида;
- тегишлилиги бўйича вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг буюртмачи хизматлари - ташқи муҳандислик, алоқа ва транспорт коммуникация объектларини қуриш қисмида;
б) истисно тариқасида, тўғридан-тўғри шартнома асосида:
- шаҳарнинг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун - бош лойиҳа ташкилоти "ЎзшаҳарсозликЛИТИ" ДУК томонидан "Keym Kentsel Yenileme Merkezi A.Ş." компанияси (Туркия);
- ичимлик суви ва канализация тармоқлари қурилиши бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун - "Ўзкоммуналлойиҳақурилиш" МЧЖ ҳамда мустақил инжиниринг ва консалтинг компаниялари;
- автомобиль йўллари қурилиши бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун - "Йўл лойиҳа бюроси" МЧЖ, "Ўзйўллойиҳа" лойиҳа-қидирув институти" ДУК, Автомобиль йўллари қўмитаси тизимидаги бошқа лойиҳа ташкилотлари ҳамда мустақил инжиниринг ва консалтинг компаниялари;
- электр энергияси, табиий газ ва иссиқлик тармоқлари қурилиши бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун - Энергетика вазирлиги тизимидаги лойиҳа ташкилотлари ҳамда мустақил инжиниринг ва консалтинг компаниялари;
- ижтимоий соҳа, инфратузилма объектлари ва умумий фойдаланиш майдонлари қурилиши бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун - буюртмачилар томонидан энг яхши таклифлар танлови орқали аниқланган лойиҳа ташкилотлари ҳамда мустақил инжиниринг ва консалтинг компаниялари жалб қилинади;
в) шаҳарда кўп қаватли уй-жойларни қуриш учун металлпрокат ва цемент маҳсулотларини пудратчи ташкилотларга етказиб бериш Президентнинг 2021 йил 11 мартдаги ПФ-6186-сон Фармонида кўзда тутилган алоҳида биржа савдо секцияси орқали сотиш тартиби асосида амалга оширилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 13.07.2021 йилдан кучга кирди.
Эльмира Сиразиева.