Президент томонидан 2022 йил 26 январдаги «Юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-103-сон қарор имзоланди.
Қарор аҳолига кўрсатилаётган кардиологик ва кардиожарроҳлик хизматлари сифатини яхшилаш, ҳудудларда юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш, барвақт аниқлаш ва самарали даволаш ишларини кенгайтириш, беморлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни зарур дори воситалари билан узлуксиз таъминлаш ҳамда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази фаолиятини трансформация қилиш мақсадида қабул қилинди.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Кардиология хизматини 2022-2024 йилларда янада ривожлантиришга йўналтирилган чора-тадбирлар дастури;
- Кардиология хизматини 2022-2024 йилларда янада ривожлантиришга йўналтирилган чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш самарадорлигини аниқлаш кўрсаткичлари;
- Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази филиаллари ҳамда туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг кардиология бўлинмаларини 2022 йилда тиббий ускуналар билан жиҳозлашга доир чора-тадбирлар.
Қуйидагилар юрак-қон томир касалликларининг олдини олишда асосий йўналишлар этиб белгиланди:
- бирламчи тиббиёт муассасалари томонидан даврий тиббий кўрикларни йўлга қўйиш ҳамда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш;
- эҳтиёжманд аҳоли қатламларини зарур дори воситалари билан бепул таъминлаш;
- ҳудудларда кўрсатилаётган юқори технологик, кам инвазив кардиологик ҳамда кардиожарроҳлик тиббий хизматлар кўламини ошириш;
- бирламчи бўғиндаги мутахассисларнинг касбий кўникмаларини ривожлантириш ва салоҳиятини ошириш, соҳада илм-фанни ривожлантириш;
- юрак-қон томир касалликлари бўлган беморларга тиббий хизмат кўрсатиш тизимини рақамлаштириш.
2022 йилдан бошлаб:
- 40 ёшдан ошган аҳоли оилавий поликлиника ва тиббиёт бригадалари орқали йилига камида бир марта манзилли скрининг текширувларидан ўтказилади;
- юрак-қон томир касалликлари аниқланган беморларнинг ягона электрон реестри юритилади ҳамда ушбу турдаги касалликлари мавжуд “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да бўлган 200 мингдан зиёд аҳолига эналаприл (Enalapril) дори воситаси бепул тарқатилади;
- эҳтиёжга кўра туман (шаҳар) шифохоналари лабораторияларини коагулометр ускунаси ҳамда зарур реактивлар билан тўлиқ таъминлаш йўлга қўйилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 27.01.2022 йилдан кучга кирди.
Саодат Усманова.