Президент томонидан “Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида”ги қарор имзоланди. Ҳужжат “Халқ сўзи” газетасида эълон қилинган.
Зулфия номидаги мукофот билан ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиздаги ўзгаришлар жараёнида фаол иштирок этиб, Ватанимиз равнақи йўлида бор куч-ғайрати, замонавий билим ва малакаси, маънавий-интеллектуал салоҳиятини намоён этаётган қизлар тақдирланади.
Мамлакатимизнинг 28 нафар қизлари Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари бўлишди.
Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланганларга 8 Март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказиладиган байрам тантаналарида совриндорлик дипломлари ва кўкрак нишонлари топширилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигига совриндорларнинг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида пул мукофоти берилишини таъминлаш топширилди.
Ҳужжат “Халқ сўзи” газетасида эълон қилинган ва 6.03.2023 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.